Самарқанд шаҳрининг йирик ижтимоий-сиёсий, иқтисодий, илмий ва маданий марказ сифатида ўсиб бораётган халқаро мавқеъсини эътиборга олиб, шунингдек, халқаро форумлар, симпозиумлар ва бошқа тантаналарни ўтказиш учун замонавий шароитлар ва керакли инфратузилма яратиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамисининг 2014 йил 25 сентябрдаги Қарори билан Расмий делегациялар қабул уйи негизида Форумлар мажмуаси тузилади. Бу ҳақда UzReport хабар бермоқда.
Ҳужжатга кўра, Самарқанд шаҳридаги Форумлар мажмуаси йирик халқаро иқтисодий ва маданий форумлар, илмий симпозиумлар ва конференциялар, шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг мустақиллик йилларида эришган ютуқлари ҳамда иқтисодий ислоҳотларни чуқурлаштириш ва ривожланган демократик давлат қуриш соҳаларидаги тўпланган тажрибасини очиб берадиган ижтимоий-сиёсий тадбирлар ўтказиш маркази ҳисобланади.
Форумлар мажмуасидан фойдаланиш ва хизмат кўрсатиш бошқармаси ходимларининг умумий сони 120 киши, жумладан бошқарув ходимлари 5 киши бўлиши белгилаб қўйилди.
Қарорда Самарқанд вилояти ҳокимиятига Ўзбекситон Республикаси Молия ва Адлия вазирликлари билан келишган ҳолда бир ҳафта муддат ичида Самарқанд шаҳридаги Форумлар мажмуаси тўғрисидаги Низомни тасдиқлаш вазифаси юклатилган.
Изоҳ (0)