Испания Вазирлар кенгаши Каталония мустақиллиги борасида ўтказиладиган референдум тўғрисидаги фармоннинг қонунийлиги масаласида Конституциявий судга мурожаат қилиш тўғрисида қарор қабул қилди. Бу ҳақда Вазирлар кенгашининг фавқулодда йиғилиши якунларига кўра мамлакат бош вазири Мариано Рахой маълум қилди, деб хабар бермоқда «РИА Новости».
Каталония раҳбари Артур Мас шанба куни вилоятнинг Испаниядан мустақиллиги борасидаги референдум 9 ноябрда ўтказилиши тўғрисидаги фармонни имзолаган эди. Шунингдек, Каталонияда Мадриднинг розилигисиз умумхалқ сўровлар ўтказсиҳ мумкинлиги тўғрисидаги қонун ҳам кучга кирди.
Испания ҳукуматининг юқори маслаҳат органи ҳисобланган Давлат кенгаши якшанба куни шу юзадан Конституциявий судга мурожаат қилиш фикрини маъқуллади. Давлат кенгаши аъзоларининг фикрича, референдум тўғрисидаги фармон ҳам, сўровлар тўғрисидаги қонун ҳам мамлакат конституциясига зид. Бу борадаги қарор бир овоздан қабул қилинган.
Агар Конституциявий суд ишни кўриб чиқишни бошласа, референдум тўғрисидаги фармон конституцияга биноан 5 ойга музлатиб қўйилади. Агар бу вақт ичида ечим топилмаса, суд муддатнинг узайтирилиши борасида қарор қабул қилиши керак. Каталония ҳукумати раиси суд референдум ўтказишга имкон беришидан умид қилаётганини маълум қилган.
Минтақа ҳукумати режаларига биноан, 9 ноябрь куни каталонияликларга иккита саволга жавоб бериш таклиф қилинади: «Сиз Каталониянинг давлатга айланишини истайсизми?» ва «Агар ҳа бўлса, Каталония мустақил давлат бўлишини хоҳлайсизми?» Референдумда автономиянинг 16 ёшдан ошган аҳолиси қатнашиши мумкин.
Изоҳ (0)