Ўзбекистон 2014 йилда бошоқли дон экинларидан 7 — 7,2 миллион тонна ҳосил олмоқчи, дея хабар берди «Новый век». Шу ҳафтада бошланган ғалла ўрим-йиғими якунлари август ойида жамланади.
Ўзбекистон қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги вакилининг аниқлик киритишича, президент Ислом Каримовнинг жорий йил 22 майда қабул қилинган 2014 йилда бошоқли дон экинлари ҳосилини йиғиштириб олиш бўйича ташкилий чора-тадбирларга оид қарорига мувофиқ, давлат эҳтиёжлари учун ғалла сотиб олиш ҳажми 2013 йил даражасида қолган ва ишлаб чиқарилган маҳсулотлар ҳажмининг 50 фоизини ташкил қилади.
ЎзА ёзишича, ғаллакорларимиз бу йил бир миллион уч юз гектардан зиёд майдонда серҳосил ва эртапишар ғалла навларини парваришлади. Айни пайтда омилкор деҳқонлар бутун диққат-эътиборини етиштирилган мўл ҳосилни қисқа муддатда, нест-нобуд қилмай ўриб-йиғиб олишга қаратмоқда.
Ўзбекистон Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлигидан олинган маълумотларга кўра, ғалла ўрим-йиғими ишларини уюшқоқлик билан ўтказиш мақсадида 1 минг 852 отряд ташкил этилиб, уларга турли соҳалар бўйича 19 мингдан ортиқ мутахассис бириктирилган. 19 минг 500 дан зиёд комбайн, ғалла ташувчи машина ва бошқа техника воситалари шай ҳолатга келтирилган. Шунингдек, 1 минг 300 дан зиёд кўчма устахона ва 1 минг 600 га яқин ёнилғи ташиш техникаси комбайнларнинг тўхтовсиз ишлашини таъминлайди.
Изоҳ (0)