Кўксарой қароргоҳида 7 март куни Шавкат Мирзиёев иштирокида 8 март — Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан тантанали маросим бўлиб ўтди. Маросимда нутқ сўзлаган Давлат раҳбари қизларга таълим бериш орқали жамиятнинг онги, маданий даражаси ҳам юксалишини айтиб ўтди.
“Бир қизни ўқицак, бутун оилага таълим берган бўламиз. Агар оила билимли, маърифатли бўлса, жамиятнинг онги, маданий даражаси ҳам юксалади.
Юртимиздаги 203 та олийгоҳ талабаларининг 52 фоиздан ортиғини хотин-қизлар ташкил этаётгани мана шу эзгу ғоянинг амалий натижаси, десак, айни ҳақиқатни айтган бўламиз. Ўтган йилнинг ўзида магистратурада ўқиётган 15 мингга яқин хотин-қизларга 100 миллиард сўмга яқин контракт пули тўлаб берилди.

Ҳозирги вақтда 6 минг 200 дан ортиқ хотин-қизлар илмий фаолият билан шуғулланаётгани, илмий ишланмаларнинг 25 фоизини олима аёлларимиз яратаётгани ҳам, жамиятда уларнинг ўрни мустаҳкамланиб бораётганидан далолат беради. Уларнинг орасида халқаро даражада эътироф этилаётган илм-фан вакилларининг борлиги барчамизга чексиз фахр-ифтихор бағишлайди, ёшларимизни янги-янги ютуқларга ундайди.
Масалан, таниқли микробиолог олимамиз Дилфуза Эгамбердиева шўрланган тупроқда серҳосил экинлар етиштириш бўйича олиб борган илмий тадқиқотлари учун ЮНЕСКОнинг нуфузли Карлос Финлей халқаро мукофотига сазовор бўлди.
Аёллари ўқимишли ва касб-ҳунарли бўлган юртда тинчлик ва тараққиёт бўлади. Аёллари маърифатли бўлган халқ албатта бахтли бўлади.
Шу боис, ҳар бир оиладаги қизларимиз боғча, мактаб билан тўлиқ қамраб олиниши, замонавий касб-ҳунар ва чет тилларини эгаллаши, олий маълумотга эга бўлиши учун бундан буён ҳам барча шароитларни яратамиз. Хусусан, бу йил 250 минг нафар қизимиз олий таълимга қамраб олинади. Бу 2017 йилга нисбатан 3,5 карра кўп. Натижада ҳар бир маҳалладан 25-30 нафар хотин-қиз олийгоҳларда таълим олиш имконига эга бўлади.
Бунинг учун Оила ва хотин-қизлар қўмитаси раиси З.Маҳкамова, Мактабгача ва мактаб таълими вазири Ҳ.Умарова ҳар бир мактабда юқори синфда таълим олаётган қизларимиз билан ишлашни индивидуал ёндашув асосида ташкил этиб, уларни олийгоҳларга тайёрлайди.
Бу йил шароити оғир оилалардаги иқтидорли ёшларни хорижда ўқитиш бўйича “Ёрқин келажак” лойиҳасини бошлаяпмиз. Ушбу лойиҳа доирасида камида 200 нафар қизимиз ҳар йили дунёнинг нуфузли олийгоҳларига ўқишга юборилади.
Олий таълим, фан ва инновациялар вазири Қ.Шарипов, Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазири Б.Зоҳидов, Савдо-саноат палатаси раиси Д.Ваҳобов тизими эса яна 250 минг нафар хотин-қизни касб-ҳунар ва тадбиркорликка ўқитиш учун масъул бўлади”, деди президент.
Изоҳ (0)