Фарғона вилояти Қўқон шаҳрида бир гуруҳ шахслар томонидан кўп йиллик чинор арралаб ташлангани ҳақида хабарлар тарқалди. Экология вазирлиги матбуот хизмати ҳолат юзасидан “Дарё”га маълумот берди.
![](/static/2025/02/14/dx-A-5XQf5G.jpg)
Унда айтилишича, вилоят Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармаси Қўқон шаҳар бўлими инспекторлари томонидан ўрганиш ишлари олиб борилган.
Шунда “Зилол” МФЙ А.Т.Хўқандий мавзесидаги 53-кўп қаватли уйлар олдида номаълум шахслар 1 туп кўп йиллик чинор дарахтини қасддан таг қисмидан ярим қисмигача арралаб қочиб кетгани маълум бўлган.
![](/static/2025/02/14/dxx-zC4BFzXc.jpg)
Ушбу ҳолат юзасидан тегишли ташкилот ходимлари иштирокида кузатув далолатномаси тузилиб, ўсимлик дунёсига етказилган 117 миллион сўм зарар ҳисобланди. Тўпланган ҳужжатлар Қўқон шаҳар прокуратурасига юборилди.
Аёвсиз кесилаётган дарахтлар
Тошкент вилоятида 2 туп кўп йиллик чинорни кесган шахс табиатга 199 млн сўм зарар етказгани ҳақида хабар берилганди. Хоразмда 4 туп павловния дарахтини кесган шахс 27 млн сўмдан ортиқ жаримага тортилганди.
Шунингдек, Сурхондарёда автомобиль йўлларини реконструкция қилишда қарийб 9,5 минг туп дарахт кўчирилиши мумкинлиги айтилганди. Шу билан бирга, Тошкент вилоятида 4 туп ёнғоқ дарахтини кесган шахс табиатга 247 млн сўм зарар етказганди.
Бундан ташқари, Жиззахда тут дарахтлари кесилиши оқибатида ўсимлик дунёсига 738 млн сўмлик зарар етказилган.
Жиззах вилоятида эса 19 туп дарахт кесилиши оқибатида табиатга 435 млн сўмлик зарар етказилгани хабар қилинганди.
Бу бўйича қонун
Ўзбекистонда дарахт кесганлик учун жазо чораларини кучайтириш кўзда тутилган қонун 2024 йил 1 мартдан кучга кирган.
Унга кўра дарахтлар, буталар, бошқа ўсимликлар ва ниҳоллар қонунга хилоф равишда кесиш, кундаков қилиш, шикастлантириш, йўқ қилиш ёки бошқа жойга кўчириб ўтказганлик учун:
- фуқаролар БҲМнинг 25 бараваридан 50 бараваригача — 8 миллион 500 минг сўмдан 17 миллион сўмгача (шу пайтга қадар БҲМнинг 5 бараваридан 10 бараваригача эди),
- мансабдорлар БҲМнинг 50 бараваридан 75 бараваригача, яъни 17 миллион сўмдан 25 миллион 500 минг сўмгача (шу пайтга қадар БҲМнинг 10 бараваридан 15 бараваригача) жаримага тортилади.
Изоҳ (0)