Олий Мажлис Қонунчилик палатасида 6 июнь куни Халқ демократик партияси фракциясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Унда бир қатор қонун лойиҳалари кўриб чиқилди.
Хусусан, фракция аъзолари томонидан «Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги қонун лойиҳаси атрофлича муҳокама қилинган. Қонун лойиҳаси билан дарахт ва буталарни, бошқа ўсимликларни ва ниҳолларни қонунга хилоф равишда кесганлик, кундаков қилганлик, шикастлантирганлик, йўқ қилганлик ёки бошқа жойга кўчириб ўтказганлик учун жарима миқдорларини ошириш белгиланмоқда.
Шунингдек, маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор содир этилган ҳуқуқбузарлик учун ўн беш суткагача муддатга маъмурий қамоққа олиш чораларини белгилаш кўзда тутилмоқда.
Фракция аъзолари томонидан лойиҳадаги ҳар бир норма атрофлича муҳокама қилиниб, бир қатор таклифлар берилган. Муҳокамалардан сўнг қонун лойиҳаси депутатлар томонидан қўллаб-қувватланган.
Депутатлар йиғилишда кўриб чиқилган бошқа қонун лойиҳаларига ҳам электорат манфаати нуқтаи назаридан муносабат билдиришган. Кун тартибидаги масалалар юзасидан фракциянинг тегишли қарори қабул қилинган.
Аввалроқ Ўзбекистонда дарахт, бута, ўсимликларни қонунга хилоф равишда кесганлар ҳақида маълумот берган фуқароларга қанча маблағ тўланиши, дарахт кесишга мораторий муддатсиз даврга узайтирилиши, 2021 йилнинг 10 ойи давомида дарахтларнинг ноқонуний кесилишидан келтирилган зарар 10 млрд сўмдан ошгани ҳақида хабар берилган.