Россия армияси Украина бўйлаб бир вақтнинг ўзида мингдан ортиқ Shahed дронларини учиришга тайёрланмоқда. Бу ҳақда The Economist хабар берди.

Хабарга кўра, Россиянинг янги зарбалари тобора мураккаблашиб бормоқда. Агар ўт очишни тўхтатиш бўйича музокаралар барбод бўлса, Украина ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими ўзининг тутиб олувчи ракеталарини нормаллаштиришига тўғри келади. Россия Shahed дронларини ишлаб чиқаришни сезиларли даражада оширгани хавф туғдирмоқда.
Атиги бир йил олдин Украинага бир кечада 30 та дрон ҳужуми ғайриоддий ҳодиса ҳисобланган. Энди эса Россия мунтазам равишда юзлаб дронларни учирмоқда. Журналистлар 25 майга ўтар кечаси Россия Украинага энг йирик ҳаво ҳужумини амалга оширганини эслатди. Мазкур авиаҳужумга 298 та дрон жалб этилган.
2024 йилда Россияда ойига ўртача 300 га яқин Shahed ишлаб чиқарилган. Ҳозир эса бундай миқдор уч кундан камроқ вақт ичида ишлаб чиқарилмоқда, дейилади хабарда.
Украина Мудофаа вазирлигига кўра, россияликлар кунига 500 та Shahed ишлаб чиқармоқчи. Агар улар ўз мақсадига эришса, Украинага бир вақтнинг ўзида 1000 та дрон билан зарба бериш ҳақиқатга айланиши мумкин.
Украиналик авиация эксперти Константин Криволапнинг фикрича, бир вақтнинг ўзида 1000 та Shahedʼнинг учирилиши, катта эҳтимол билан, шунчаки баландпарвоз баёнотдир. У Россиянинг қурол саноати ёлғон ҳисоботларга таянишини маълум қилди. Шунга қарамай, эксперт россияликлар ҳақиқатан ҳам кўпроқ дронлар ишлаб чиқаришни бошлаганини тан олди.
Украина илк бор 2023 йил июль ойида Россия Эроннинг Shahed дронларидан фойдаланишни бошлаганини эълон қилганди. 2024 йил декабрда Европа Иттифоқи Эрондаги бешта дрон ишлаб чиқарувчи компанияга нисбатан санкциялар жорий қилган эди.
Изоҳ (0)