Жорий йил илк чорагида мамлакатга мигрантлар жўнатган пуллар ўтган йил мос давридагидан 800 миллион долларга кўп бўлди. Бу ҳақда Марказий банкнинг “Пул-кредит сиёсати шарҳи”да маълум қилинди.

Ўзбекистонга жорий йил январь–март ойларида хорижий давлатлардаги меҳнат муҳожирлари 3,3 миллиард доллар пул юборди (2024 йил мос даврида 2,5 миллиард доллар). Бунда тушумлар йиллик ўсиши қарийб 32 фоизга етган. Шарҳда мазкур ўсиш мамлакатда даромадлар ошиши ўзгарувчанлигининг асосий омили бўлиб қолаётгани ёзилган. Пул ўтказмалари ҳажми ортиши асосий савдо ҳамкорлар валюталари мустаҳкамланиши ҳамда меҳнат ҳақи юқорироқ давлатларга мигрантлар оқими кўпайиши билан изоҳланган.
“Жорий йилнинг I чорагида ўртача ҳисобланган номинал иш ҳақининг ўсиш суръати 18 фоизни ташкил этди. Алоқа ва ахборотлаштириш, молия ва суғурта соҳаларида ўсиш ўртача иш ҳақи ошишидан юқори шаклланган бўлса, таълим, ташиш ва сақлаш соҳаларида ўртача даражага яқин ўсиш қайд этилган. Пул ўтказмаларининг ижобий динамикаси ва иқтисодиётда иш ҳақининг ошиши аҳолининг умумий реал даромадларининг ошишига хизмат қилиб, ушбу кўрсаткич ўсиши I чоракда 9,8 фоизни ташкил этди”, дейилади шарҳда
Марказий банк таҳлилида уч ойда аҳоли жон бошига реал даромадлар ўтган йил илк чорагига нисбатан 7,6 фоизга ошган. Бўш иш ўринларини қидириш бўйича веб-саҳифалардаги эълонлар сони йил бошига нисбатан кўпайиб борган.
“Бўш иш ўринларининг ўсиши асосан чакана савдо ва хизматлар соҳаларида кузатилмоқда. Ушбу даврда иш қидирувчиларнинг меҳнат бозоридаги фаоллиги юқори бўлиб, меҳнат аризалари сони ҳам ўсишда давом этди. Иқтисодий фаолликни ўзида акс эттирувчи уй-жой билан боғлиқ битимлар динамикаси 2024 йилнинг охирги ойларида ижобий трендга ўтган ва ушбу тренд 2025 йилнинг дастлабки ойларида ҳам сақланиб қолмоқда”, дея қайд этилади таҳлилда.
Аввалроқ Жаҳон банки Марказий Осиёдаги миграция масаласида тадқиқот тақдим этганди. Унда мигрантлар пул юбормаса, Ўзбекистонда камбағаллик сезиларли ошиши қайд этилган.
“2024 йил ҳолатига кўра, Ўзбекистонда меҳнат муҳожирлари пул ўтказмаларининг ялпи ички маҳсулотдаги улуши 14 фоизга етган. Агар мазкур пул ўтказмалари бўлмаганда мамлакатдаги камбағаллик даражаси 9,6 фоиздан 16,8 фоизга ошиши мумкин эди”, дейилган тадқиқотда.
Илмий изланишда Марказий Осиёда меҳнат миграцияси миллионлаб фуқаролар учун асосий даромад манбаларидан бири бўлиб қолаётганига ҳам эътибор қаратилган.
Маълумот учун, 2024 йилда Ўзбекистонга хорижий давлатлардаги меҳнат муҳожирлари 14,8 миллиард доллар пул юборган. Бу 2023 йилдагидан 3,4 миллиард долларга кўп. Маблағларнинг 77 фоизи Россиядан (11,5 миллиард доллар) келиб тушган. Шу билан бирга, Қозоғистондан 795 миллион доллар, АҚШдан 577 миллион доллар, Жанубий Кореядан 534 миллион доллар, Туркиядан 405 миллион доллар, Буюк Британиядан 135 миллион доллар ўтказилган.
Изоҳ (0)