“Ўзбекконцерт” ташкилотни огоҳлантирмай, Ўзбекистондан ташқарида концерт ўтказадиган санъаткорларнинг лицензияси муддатидан олдин тўхтатилишини маълум қилди. Бу ҳақда ташкилот ахборот хизмати хабар берган.
Бунга “Маданий фаолият ва маданият ташкилотлари тўғрисида”ги қонун асос сифатида кўрсатилган. Ушбу қонуннинг 21-моддасига кўра, Ўзбекистондан ташқарида концерт-томоша тадбирларини амалга ошириш тўғрисида “Ўзбекконцерт” ДМни ёзма равишда хабардор қилиш шарт.
Шунингдек, ҳукумат қарори билан тасдиқланган “Концерт-томоша фаолиятини лицензиялаш паспорти” талабларига кўра, “Ўзбекконцерт” давлат муассасасини ёзма хабардор қилмасдан Ўзбекистондан ташқарида концерт-томоша тадбирларини амалга ошириш лицензия талаб ва шартларини қўпол равишда бузиш ҳисобланади.
Шундан келиб чиқиб, “Ўзбекконцерт” бундай фаолият ноқонуний эканини айтган ҳамда концерт-томоша тадбирларини ташкил этиш ва режалаштиришда ташкилотни хабардор қилиш бўйича огоҳлантирган.
“Бугунги кунда ушбу талабларга риоя қилмай хорижда концерт дастурларини режалаштириб ўтказаётган хонандалар йўқ эмас. Лицензия талаб ва шартларига риоя қилмаган санъаткорларнинг лицензияси ‘Ўзбекконцерт’ давлат муассасаси томонидан муддатидан олдин тўхтатилиши маълум қилинади”, дея қўшимча қилинади хабарда.
Аввалроқ “Ўзбекконцерт” давлат муассасаси концерт-томоша, тўй-маросимлар ва бошқа тадбирларни амалга оширишда иштирок этувчи маъмурлар лицензиясиз фаолият олиб бормаслиги кераклигини эслатиб, акс ҳолда жавобгарликка тортилиши мумкинлигини маълум қилган эди.
Изоҳ (0)