Америкалик актёр, режиссёр ва тадбиркор Жорж Клуни кўп жиҳатдан омадли инсон. У киноиндустрияда ажойиб карьера яратди, муваффақиятли бизнес асосчиси бўлди, дунёнинг энг чиройли жойларида кўчмас мулк сотиб олди ва бахтли оиланинг бошлиғига айланди. Бундан ташқари, Клуни кўплаб нуфузли унвонларга эга — энг кўп ҳақ тўланадиган актёрдан тортиб, дунёнинг энг жозибадор эркагигача. Бироқ Клуни миллионларини ҳашаматли яхталар ёки шахсий самолётларга сарфламайди — у хотини билан вақт ўтказишни ва мотоциклда сайр қилишни маъқул кўради.
Тўрт йил ичида бир миллиард доллар
Охирги бир неча йил ичида Жорж Клуни ҳеч қандай блокбастерда суратга тушмаган бўлса-да, 2018 йилда Forbes журнали уни дунёнинг энг кўп ҳақ тўланадиган актёри деб тан олди. Бундай мақомга у текила бренди — аниқроғи, 2013 йилда тадбиркор Ранди Гербер (модел Кайи Гербернинг отаси) ва кўчмас мулк магнати Майк Мелдман билан биргаликда ишга туширган Casamigos Тequilа бренди туфайли эришган.
Бу ғоя уларда Мексикада бирга таътилга чиқишганида пайдо бўлган. Маҳаллий барлардаги текилани татиб кўрган дўстлар ўзларига мос ичимлик яратмоқчи бўлган. Улар Мексикада алкоголь ишлаб чиқарувчи компания топиб, текила намуналарини уйга етказиб беришни буюртма қилишган.
Дастлаб ичимликни фақат ўзлари, дўстлари ва оилалари учун ишлаб чиқаришни режалаштиришган. Бироқ 1000 дан ортиқ ичимлик буюртма қилинганда, ишлаб чиқарувчи лицензия олишни талаб қилган.
2011 йил май ойида тадбиркорлар текила сотиш учун биринчи савдо белгисини рўйхатга олишга ариза берган, декабрда эса биринчи шиорларини эълон қилишган: “It could happen. Please drink responsibly” (“Ҳамма нарса бўлиши мумкин. Илтимос, масъулият билан ичинг”). Яна бир йил ўтиб, уларда логотип ва иккинчи шиор пайдо бўлади: “Brought to you by those who drink it” (“Айнан шуни ичадиганлар сотади”).
“Бу бизнинг брендимиз ва унга эгалик қиламиз. Пулларимиз шу бренд ортидан келган”, деди Ренди Гербер интервьюларидан бирида. Бу сўзлари билан у маҳсулот расмий равишда кенг оммага тақдим этилишидан олдин савдо белгисини рўйхатга олишнинг аҳамиятини таъкидлаган.
Бир неча йил ўтиб, ҳамкорлар компанияларини дунёдаги энг йирик алкоголь дистрибютори Diageo’га бир миллиард долларга сотишди. Битим уларга 700 миллион доллар аванс олиб келди, қолган 300 миллион эса бренднинг кейинги 10 йил ичидаги фаолияти натижаларига қараб тўланади. Ҳозирга келиб Casamigos Теquilа қиймати уч баравар ошди. 2022 йилда компания спиртли ичимликлар брендлари ичида энг тез ўсаётган брендга айланди.
Сахий ва жозибадор
Голливуднинг барча юлдузлари каби Клуни ҳам Оmegа соатлари ва Fiat каби глобал брендлар билан реклама шартномаларидан катта пул топади. Шунингдек, Жорж Клуни Nespresso қаҳва компаниясининг юзига айланганига деярли 15 йил бўлди — бу вақт ичида у оддий маҳсулотни халқаро брендга айлантирди.
Бироқ актёр ҳамма таклифларга ҳам рози бўлавермайди — ҳатто бу таклифлар ўнлаб миллион долларни ўз ичига олса ҳам. Бир сафар у рекламада иштирок этишдан воз кечади — бу унга 35 миллион доллар келтирарди. Клунини айтишича, бу таклифни берган авиакомпания эса “иттифоқчи бўлиб, лекин баъзида шубҳали” давлатга тегишли экан.
“Мен бу ҳақда хотиним билан гаплашдим ва хотиржамлигимиз бу пулларга арзимайди, деб қарор қилдик”, дейди у.
Клуни фильмдаги роли учун ўртача 20 миллион доллар гонорар олади. Масалан, “Бетмен” ҳақидаги фантастик жанговар фильмдаги гонорари 10 миллион долларни, “Оушеннинг 11 дўсти”да 15 миллион доллар, “Оушеннинг 13 дугонаси” фильмидаги роли учун эса 20 миллион долларни ташкил этган.
Шу билан бирга, Жорж Клуни чинакам сахий дўст. Актёрнинг бизнес ҳамкори Ренди Гербер бир сафар Клуни 14 энг яқин дўстининг ҳар бирига бир миллион доллар тарқатганини айтади. У бу пулларни Tumi брендининг премиум сумкаларига солиб, нақд пул сифатида совға қилган. Машҳур актёр бу фактни тасдиқлаб, 52 ёшида ҳам оиласи йўқ бўлса-да, лекин 35 йил давомида унга ёрдам берган дўстлари борлигини тушунтиради.
Энди у бева эмас
Лекин бир йил ўтгач, Голливуднинг энг жозибадор ва сахий эркаги инсон ҳуқуқлари фаоли Амал Аламуддин билан танишди. Ўшанда Клунининг агенти жуфтликнинг келажагини башорат қилиб, Амал Аламуддин унинг турмуш ўртоғи бўлишини айтади. Биринчи учрашувдан тўққиз ой ўтгач, актёр юристга 750 минг долларлик олмос узук ҳадя қилиб, унга турмушга чиқиш таклифини беради.
Амалнинг тан олишича, Жорж билан учрашишдан олдин 35 ёшида у қари қиз бўлиб ўцам керак, деб ўйлаган. Бироқ 2014 йил 27 сентябрда у меҳмонлар олдида 12 метрли Оскар де ла Рента тўй либосида порлаган, ушбу либос 380 минг доллар туради. Бу нафис тўй кийими Оскар де ла Рента карьерасидаги сўнгги асар бўлиб, машҳур мижозининг тўйидан бир ой ўтмай, дизайнер вафот этган. Тадбир янги келин-куёвга 4,6 миллион долларга тушган.
2017 йилда Жорж ва Амал эгизаклар — Александра ва Элла ота-онаси бўлишди, бир неча йил ўтгач эса Калифорниядан кўчиб, Францияда яшашга қарор қилишади. Актёр Прансанинг машҳур Прованс минтақасида XVIII асрга тегишли Domain du Canadel уйини сотиб олади — бу ерда Элтон Жон, Жонни Депп ва Бред Питт каби қўшнилари билан яшайди. Катта боғ, теннис корти ва узумзорли бу уй унга 8,5 миллион долларга тушган.
Кўчиб ўтишига қарамай, актёр АҚШ, Буюк Британия ва Италиядаги кўчмас мулкни сақлаб қолмоқда. У Нью Йорк ва Лос-Анжелесда ҳам квартираларга эга. Аммо бўлажак рафиқаси билан биринчи марта учрашган Комо кўли бўйида жойлашган 25 хонали вилласини 107 миллион долларга сотишга қарор қилади.
Клуни Chevrolet Corvette, Porsche 911, Porsche Carrera, Lexus LS, Tesla Roadster ва Таngо Т600 каби суперкарлар коллекциясига ҳам эга. Бироқ актёр кўпроқ Harley-Davidson мотоциклини бошқаради, шунингдек, Piaggio ва Yamaha Х-Махх скутерларини ҳам миниб юради. Жорж тезликни жуда яхши кўради, шу сабабдан ҳам бир неча бор жиддий автоҳалокатларга учраган. Масалан, 2018 йилда Сардиния оролидаги йўллардан бирида 120 километр соат тезликда машинага урилиб, рулдан учиб кетган.
Бадавлат бўлишига қарамай, Жорж Клуни жуда камтарона яшайди. У ҳашаматли яхталар, шахсий самолётлар сотиб олмайди ва кечки овқат учун юз минглаб доллар сарфламайди. Кўчмас мулк харажатларини эса у харажат сифатида эмас, балки инвестиция сифатида кўради. Бунинг ўрнига, Клуни кўплаб ресурсларни жамоатчилик ва хайрия фаолиятига сарфлайди, БМТнинг яхши ният элчиси бўлиб хизмат қилади.
2010 йилда актёр Гаитида зилзила қурбонлари учун маблағ йиғишни ташкил этади, 2012 йилда эса Судан элчихонаси олдида норозилик намойишида қатнашади. У мамлакатдаги болаларнинг оғир аҳволига эътибор қаратади ва шу сабабдан ҳибсга олинади. Клуни, шунингдек, Ливандаги мактабларга Суриядан келган уч минг қочқин боланинг таълим олиши учун 250 минг доллар ажратади ва қуролни эркин сотиш тақиқига қаратилган ташкилотларга 500 минг доллар ажратади.
Клунининг Голливуддаги Шон-шараф хиёбонида шахсий юлдузи йўқ. У тантанали маросимда иштирок этиш ва бунинг учун 30 минг доллар тўлашдан бош тортади.
“Жорж орзу ҳаётини кечирмоқда: у соғлом, севимли иши билан шуғулланмоқда ва ажойиб оилага эга”, деди 2024 йилда актёрга яқин манба.
Манбанинг айтишича, Амал Франциядаги қишлоққа кўчишни хоҳлаганда, Клуни бир оз иккиланиб қолган, аммо охир-оқибат рози бўлган ва хато қилмаган. Улар ҳар ҳафта пицца кечаси ўтказиш, яқиндаги Котиняк қишлоғидаги маҳаллий галереяларни томоша қилиш ва севимли сенбернар зотли ити Нелсонни сайрга олиб чиқишдан иборат идеал кун тартибини яратди.
Изоҳ (0)