Телебошловчи ва блогер Ҳуснора Шодиева ижтимоий тармоқларда чиқиш қилиб, ЙПХ ходими уни ҳақорат қилганини айтганди. Пойтахт ЙҲХБ ҳолатга ойдинлик киритди.

Воқеа 16 апрель куни Тошкент шаҳар Нукус йўлида содир бўлган. Ҳуснора Шодиева бошқарувида бўлган Equinox автомобили йўлнинг 3 ва 4-қаторини ёпиб қўйиб, сунъий тирбандлик ҳосил қилган. Бу эса 4-қатордан ҳаракатланиши керак бўлган бошқа ҳайдовчиларнинг норозилигига сабаб бўлган.
Хизмат олиб бораётган ЙПХ ходими унга тушунтириш бериб, олдинга ҳаракатланишни сўраган.
“Мусиқаси баланд ҳолда машина ичида рақсга тушиб ўтирган экан. Мен ишора берганимдан сўнг эътибор бериб, қаради. Мен мусиқангизни пасайтиринг, эшитмаяпсиз мени, юрсангиз-чи, дедим. Орамиздаги масофа узоқ бўлгани учун мен баланд гапиришга мажбур бўлдим. Шу орада светофор яшил ёниб, транспорт воситалари қўзғалиб, унинг транспорт воситаси ҳам қўзғалиб кетди. Мен томонимдан Equinox ҳайдовчисига нисбатан ҳеч қандай ҳақоратли гап ишлатилгани йўқ. Қонун доирасида хизмат олиб бордим”, дейди ЙПХ ходими.
“Шунчаки ўз қаторимга ўтиб, яшил чироқ ёнишини кутаётган эдим. Шу пайт кимдир менга бақирганини эшитиб қолдим. Бошимни бурганимда у ерда ЙПХ ходими туриб, мени ҳақоратли сўзлар билан сўкаётган экан”, деган эди телебошловчи ижтимоий тармоқлардаги чиқишида.
Ҳуснора Шодиева “ЙПХ ходими нега уни ҳақоратлаганини ва унинг исмини билиш мақсадида орқага бурилиб қайтганида ходим кетиб қолганини” билдирганди.
Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан текширув ҳаракатлари ўтказилмоқда.
Изоҳ (0)