Япония аҳолиси ўтган ҳисобот йилида (2023 йил октябрдан 2024 йил октябргача) 550 минг кишига камайди. Бу ҳақда мамлакат Ички ишлар ва коммуникациялар вазирлиги маълумот берди.

Таъкидланишича, Япония аҳолиси сони кетма-кет 14 йил давомида камайиб бормоқда. Ҳозирда мамлакатда 123,8 миллион киши истиқомат қилмоқда. 15 ёшдан 64 ёшгача бўлган меҳнатга лаёқатли аҳоли сони 224 минг кишига камайиб, 73,7 миллионни ташкил этган.
Мамлакатда яшовчи япон фуқаролари сони 898 минг кишига камайган. Бу статистика юритила бошланган, 1968 йилдан буён йиллик пасайишнинг энг юқори кўрсаткичи ҳисобланади.
Шу билан бирга Япония аҳолиси сезиларли даражада қариб бормоқда. Йил якунларига кўра, 15 ёшгача бўлган аҳолининг умумий аҳоли сонидаги улуши 11,2 фоизни ташкил этди. Бу 13,83 миллион киши бўлиб, ўтган йилга нисбатан 343 минг кишига кам ва тарихдаги энг паст кўрсаткичдир. Кексалар (65 ёшдан ошганлар) сони эса кўпайишда давом этмоқда. 2024 йилда уларнинг сони 17 мингтага ошиб, 36,24 миллионга етди. Улар Япония аҳолисининг 29,3 фоизини ташкил этади.
Аҳолининг камайиши мамлакатда солиқ тўловчилар сонини ҳам камайтирмоқда. Айни пайтда Японияда ишсизлик даражаси 2,4 фоизни ташкил этиб, тўрт йил давомида 3 фоиздан паст бўлиб келмоқда.
Recruit Works Institute маълумотларига кўра, 2040 йилга келиб Япония 11 миллион ишчи кучи тақчиллигига дуч келади. Ҳозирда аҳоли етишмовчилиги қисман чет элликлар сонининг кўпайиши ҳисобига қопланмоқда.
Изоҳ (0)