Туркияда аёлни рухсатсиз суратга олган ўзбекистонлик депортация қилинадиган бўлди. Бу ҳақда Ўзбекистоннинг Истанбул шаҳридаги Бош консулхонаси хабар берди.

Маълум қилинишича, 13 апрель куни Ўзбекистон фуқароси Истанбул метрополитенида рухсатсиз тарзда турк фуқароси бўлган аёлни суратга олган. Аёл бу ҳақда ҳуқуқ-тартибот органларига шикоят қилганидан кейин фуқаро қўлга олинган ва ҳолат юзасидан тергов ҳаракатлари бошланган.
Оқибатда
- фуқаронинг Туркияда ишлаш ҳуқуқини берувчи рухсатномаси (Çalışma izni) бекор қилинди;
- унга нисбатан маъмурий жазо ва мажбурий депортация чоралари кўрилмоқда;
- ушбу ҳаракат шахсий ҳаёт дахлсизлигини бузиш сифатида баҳоланган.
Бош консулхона аралашуви натижасида мазкур фуқарога нисбатан жиноий жавобгарлик билан боғлиқ бўлмаган чора кўрилишига эришилган.
Бош консулхона Туркия қонунларига кўра, бошқа шахсни, айниқса, аёлларни уларнинг розилигисиз суратга олиш ёки видеога тушириш қатъиян ман этилишини билдириб, бу жиноий жавобгарликка олиб келиши мумкинлигидан огоҳлантирди.
“Ҳурматли юртдошлар, Туркияда бўлишингиз давомида маҳаллий қонун-қоидаларга қатъий риоя қилинг. Бегона шахсларни уларнинг рухсатисиз суратга ва видеога олиш ёки уларга ноқулайлик туғдирувчи ҳаракатлар сизга нисбатан жиддий чоралар кўрилишига сабаб бўлиши мумкин”, дейилади хабарда.
Бош консулхона ҳуқуқий муаммоларга йўлиқмаслик учун ҳаракатларда эҳтиёткор бўлишга чақирди.
Бош консулхона огоҳлантиришлари
Март ойининг бошларида Бош консулхона Туркиядан қайтаётган ўзбекистонликлардан бегоналарнинг юкларини олиб ўтмасликни сўраганди. Ўтган йилларда бир неча Ўзбекистон фуқаролари айнан шундай вазиятларга тушиб қолган ва ноқонуний юкларни, жумладан, наркотик моддалар ва сохта ҳужжатларни билмасдан олиб ўтганлари учун ҳибсга олинган.
Февраль ойида Туркиядаги ўзбекистонликларни ноқонуний миграцияга кўмаклашиш учун катта пул мукофоти ваъда қилаётган жиноий гуруҳлардан огоҳликка чақирганди. Туркияда ўзбекистонликлар виза билан боғлиқ фирибгарликка учраётганини ҳам маълум қилганди.
Изоҳ (0)