Тошкент шаҳрида гиёҳванд ва психотроп моддаларини тарқатиш билан шуғулланган 2005 йилда туғилган А.Н. қўлга олинди. Бу ҳақда пойтахт ИИББ матбуот хизмати хабар берди.

Унинг сўзларига кўра, 2023 йилнинг 30 сентябрида Telegramъда катта маош таклиф қилинаётган ишни кўриб, админ билан боғланади ва у томонидан юборилган геолокация орқали Юқори Чирчиқ туманига боради. Кўрсатилган жойдан гиёҳванд моддани олиб, бўлакларга бўлиб, мижозларга админ юборган хабарлар асосида тегишли жойларга етказиб берган.
А.Н.нинг тергов жараёнида берган кўрсатмасида айтилишича, қилаётган иши жиноят эканлигини англагач, у бу ишдан бош тортади. Аммо админ у ҳақдаги барча маълумотлар – қаерда яшаши, оиласи ҳақида айтади. Агар бош торца, “спортик”ларини (жазоловчи шахслар) жўнатишини айтиб, ишдан бош тортгани учун шафқатсиз, ваҳшиёна жазоланган шахслар ҳақидаги видеотасвирни жўнатади. Бундан қўрққан А.Н. яна гиёҳванд ва психотроп моддаларини тарқатишга мажбур бўлади.
2023 йилнинг 2 октябрида Учтепа тумани ИИО ФМБ ППХ ходимлари томонидан фуқаро А.Н. қўлга олинди.
Фуқаро ўша куни тумандаги савдо мажмуаси олдида мижозлари билан учрашиб, “товар”ни топшириши ва пулини олиши керак бўлган. У мажмуада хизмат вазифаларини бажараётган формадаги ходимларни кўриб, саросимага тушади ва ўзини бежо тутиб, кетаётган йўлини кескин ўзгартиради.
Бу ҳолат ходимлар эътиборини тортди. Фуқаро холислар иштирокида текширилганда, унинг сумкасидан 1 дона электрон тарози, уч дона полиетилен пакетга солинган қуритилиб, майдаланган, ўткир ҳидли моддалар аниқланади.
Жиноят ишлари бўйича Учтепа туман суди очиқ суд мажлисида А.Н.нинг жиноий иши қонунан кўриб чиқилди.
У Жиноят кодексининг 273-моддасининг 5-қисми (гиёҳванд воситалари ёки психотроп моддаларни ўтказиш мақсадини кўзлаб қонунга хилоф равишда тайёрлаш, олиш, сақлаш ва бошқа ҳаракатлар қилиш, шунингдек уларни қонунга хилоф равишда ўтказиш) билан айбли деб топилди ва мазкур кодекснинг 57-моддасини қўлланилиб, 7 йилга озодликдан маҳрум этиш жазоси тайинланди.
Гиёҳванд моддалар савдоси:
Март ойи ўрталарида ДХХ Чегара қўшинлари ва Наманган вилояти бўйича бошқармаси ҳарбий хизматчилари томонидан олиб борилган тезкор-қидирув тадбирларида катта миқдордаги наркотик моддаларнинг ўзбек—қирғиз давлат чегарасидан ноқонуний ўтказилган ҳолати аниқланганди.
Шунингдек, Навоий вилоятида наркотик моддалар савдоси билан шуғулланувчи жиноий гуруҳ қўлга олингани, Тошкентда гиёҳванд моддалар савдоси билан шуғулланган талабалар ушлангани, Самарқанддаги тунги клубда 10 минг АҚШ доллари эвазига гиёҳванд модда сотишга уринганлар қўлга тушгани тўғрисида хабар берилганди.
Апрель ойи охирида Тошкент вилоятида наркокурерлик билан шуғулланган коллеж талабаси ушланганди.
Октябрь ойининг 10 куни давомида гиёҳвандлик воситаларини яшириш йўли билан (“закладка”) тарқатган ва шундай ноқонуний фаолият билан шуғулланган 32 нафар шахс ушланган.
Изоҳ (0)