Қашқадарё вилоятидаги мактабларда виртуал лабораториялар ташкил қилинади. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.

Қайд этилишича, махсус кўзойнаклар орқали тарих фани ўтилаётган бўлса, дарсликда келтирилган тарихий шаҳарларга бевосита саёҳат қилиш мумкин. Биология дарсида эса одам организми билан жонли танишиш имконини берувчи тасвирларни кўриш мумкин.
Келгусида Қашқадарё вилоятидаги мактабларда ҳам худди шундай виртуал лабораториялар ташкил этилиши мумкин. Лекин энг аввало бу турдаги рақамли технологияларни ўқувчиларга ўргатувчи педагог ходимларни тайёрлаш лозим экани таъкидланган.
Виртуал лаборатория — бу ўқувчиларга ҳақиқий лаборатория муҳитида ишлаш имконини берувчи дастурий таъминот. Ўқувчилар виртуал ўқув муҳитида симуляциялар орқали тажрибаларни амалга оширади, маълумотларни таҳлил қилади ва натижаларни ўрганади.
Интерактив дастурий воситалар ўқувчиларни digital таълимга жалб қилиш, онлайн дарсларни ташкил этиш ва ўқув жараёнларини янада қизиқарли қилиш имконини беради. Шунингдек, ўқувчиларни баҳолашни осонлаштиради ва ўқитувчиларга ўқиш жараёнини яхшилашга ёрдам беради.
Виртуал лабораторияларнинг афзалликлари хавфли кимёвий моддалар билан ишлашнинг ҳожати йўқ, хавфсиз амалиёт ўтказиш имконияти бор, анъанавий лаборатория ускуналарига қараганда анча арзон. Ҳар қандай вақтда ва жойда фойдаланиш имконияти мавжуд бўлиб, атомлар ҳамда молекулаларнинг ўзаро таъсирини катта ўлчамда кузатиш мумкин. Кўпроқ тажриба ўтказиш, натижаларни тезроқ олиш имкониятини беради.
Ҳозирда вилоят педагогик маҳорат марказига 16 дона мана шундай Meta Quest 3 кўзойнаклари келтирилган ва ушбу йўналиш бўйича пойтахтда тажриба орттириб келган мутахассислар вилоятдаги мактабларнинг педагог ходимларига ўз тажрибаларини улашмоқда.
Лойиҳанинг кейинги босқичларида барча мактабларда шундай виртуал лабораториялар ташкил этилади ва ушбу йўналишда маҳоратини оширган педагог ходимлар ўқувчиларга таълим тарбия бериши мўлжалланган.
Шавкат Мирзиёев раислигидаги видеоселектор йиғилишида аниқ ва табиий фанлар бўйича виртуал лабораториялар ташкил этилиши маълум қилинган эди.
Шунингдек, мактаб тизимида ўқитувчи ўз имконияти ва ютуқларини, янги ишланмаларини эълон қилиши учун ягона онлайн платформа яратилиши айтилди.
Селекторда, бундан ташқари, Ўзбекистонда ўқувчиси халқаро фан олимпиадаларида ғолиб бўлган ўқитувчилар 150 млн сўмгача мукофотланиши қайд этилган.
Изоҳ (0)