Бугун дунё мамлакатлари олдида жамоавий иммунитет ҳосил қилиш коронавирус пандемиясидан чиқиб кетишнинг ягона реал варианти бўлиб турибди. Муаммо эса бундай жамоавий иммунитетга қандай қилиб эришилиши билан боғлиқ. «Дарё» Foreign Affairs нашрида эълон қилинган мавзуга доир мақолани таржима тариқасида тақдим этади.
Январда Хитой Хубэй провинциясида 50 миллион одам карантинга олинди. Ўшандан кейин кўплаб либерал демократиялар ҳам ўзларининг коронавирусга қарши қаратилган қатъий ва авторитар чораларини кўрди. Март ўртасига келиб, Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти (ОECD) аъзоси бўлган давлатларнинг деярли барчасида мактаб, университет ва иш жойларининг ёпилиши, транспорт ҳаракатининг тўхтатилиши, оммавий тадбирларнинг чекланиши, ички ва халқаро қатновларнинг чегараланиши сингари чораларнинг муайян комбинацияси жорий қилинди. Бироқ ғарбдаги бир мамлакат бундан мустасно бўлди.
Карантин эълон қилиш ёхуд фавқулодда ҳолат режими жорий этиш ўрнига Швеция ўз фуқароларини ихтиёрий равишда ўзаро ижтимоий масофаланишга чақирди. Швед ҳукумати эпидемия манзарасини ифодаловчи график чизиқни равонроқ тутиш мақсадида оммавий йиғинларда 50 кишидан ортиқ одам тўпланмаслиги, барларда хизмат кўрсатишнинг тўхтатилиши, ўрта мактаб ва университетларда масофавий таълим тизимига ўтилиши сингари айрим чекловларни жорий қилди.
Лекин ҳукумат қатъий назорат, жарималар ва полиция аралашуви сингари чоралардан тийилди. Шведлар, албатта, ўз юриш-туришини ўзгартирди, лекин бу ўзгаришлар айрим ғарб демократик давлатларидагичалик бўлмади. Ресторанларда одам камайган бўлса-да, уларнинг кўпи очиқ турди, ёш болакайлар эса мактабга қатнамоқда. Қўшни Норвегиядан (ва Осиёдаги айрим давлатлардан) фарқли ўлароқ, Швеция одамларнинг қаердалигини кузатадиган технологиялар ёки иловаларни жорий қилмади ва бу орқали шахсий дахлсизлик ҳамда эркинликка таҳдид солинишининг олди олинди.
Кўпчилик олимларнинг фикри бўйича аҳолининг 60 фоизида вирус аниқланганидан кейин шаклланадиган жамоавий иммунитетни ҳосил қилиб олиш швед ҳукуматининг пировард мақсади экани ҳақида ҳеч қаерда расман айтилгани йўқ. Лекин, шубҳасизки, мактаб ва ресторанларнинг ёпилмагани ҳамда кўплаб корхоналарнинг фаолиятдан тўхтамай ишлашда давом этгани катта эҳтимол билан ҳукуматнинг аҳоли иммунитетини оширишга қаратилган нисбатан кенгроқ қамровдаги стратегиясининг бир қисмини ташкил қилади.
Швеция Соғлиқни сақлаш агентлиги бош эпидемиологи Андерс Тегнеллнинг тахминига кўра, Стокгольм аҳолиси ушбу ойнинг ўзидаёқ жамоавий иммунитетга эришиши мумкин экан. Одамларнинг кундалик хатти-ҳаракатидаги ўзгаришларнинг янгиланган таҳлилларига асосланиб (шведларнинг ўзаро ижтимоий муносабатлар меъёрлари ўзгармоқда), Стокгольм университети математиги Том Бриттон пойтахт аҳолисининг 40 фоизида иммунитет ҳосил бўлишининг ўзи вирус тарқалишини тўхтатиш учун кифоя қилади, деб ҳисоблаб чиққан ва бу кўрсаткичга июнь ўрталарига бориб эришилишини тахмин қилган.
Айрим доираларда Швеция муайян иқтисодий барқарорликни сақлаб қолгани ва аҳоли жон бошига нисбатан ўлим кўрсаткичи ҳам Бельгия, Франция, Италия, Нидерландия, Испания ва Буюк Британия даражасидан паст ҳолда қолгани учун олқишланган. Лекин яна ярим доираларда Швеция Шимолий Европанинг бошқа мамлакатларига қараганда аҳоли жон бошига нисбатан ўлим кўрсаткичининг юқори бўлгани ва айниқса, ўзидаги кекса ёшли муҳожирларни муҳофаза қила олмагани учун қаттиқ танқидга учраган.
Тенгеллнинг қайд этишича, Швециядаги COVID-19 билан боғлиқ ўлим ҳолатларининг 50 фоизи ижтимоий ҳимоя хизмати қарамоғидаги кишилар ва қариялар уйидаги кексалардан иборат бўлган ва бунинг сабаби шундай муассасаларнинг аксариятида ниқобли режим сингари асосий ҳимоя чораларининг жорий этилиши билан боғлиқ тадбирларнинг ташкилланишида сусткашлик қилингани бўлган. Муҳожирлар ҳам (ерлик аҳолига нисбатан) номутаносиб равишда жабр кўрди. Бунинг асосий сабаби эса улар нисбатан камбағалроқ ҳаёт кечириши ва асосан хизмат кўрсатиш соҳаси сингари масофадан туриб ишлаш имконсиз бўлган соҳаларда меҳнат қилиши билан боғлиқдир.
Бироқ Швед ҳукуматидагилар мамлакатдаги энг юқори ўлим кўрсаткичи ҳам қолганларга нисбатан паст бўлишини таъкидламоқда. Кўплаб мамлакатлардаги вирусни тийиб туришга қаратилган саъй-ҳаракатлардан наф йўқ ва барибир аҳолининг катта қисмига вирус юқади. Жаҳоннинг катта қисми эпидемиянинг иккинчи ҳалокатли тўлқинини бошдан кечираётган пайтда Швеция пандемиянинг энг ёмон кунларини ортда қолдирган бўлади.
Швециянинг кўрсатган реакцияси идеал бўлди дейиш қийин, бироқ бу мамлакат COVID-19 келтириб чиқарадиган асоратларга нисбатан бардошлироқ бўлган ёш ва соғлом аҳоли қатламининг иммунитетини мустаҳкамлашга ва шу билан бирга эпидемия эгри чизиғини ҳам равон тутиб туришга муваффақ бўлди. Мамлакатдаги касалхоналарнинг интенсив терапия бўлимлари тўлиб кетмади ва тиббиёт ходимлари муайян зўриқиш остида ишлаган бўлса-да, бироқ уларда жилла қурса уйдаги болаларга ҳам қараш кераклиги билан боғлиқ ташвишлар бўлгани йўқ. Чунки болалар боғчалари ва бошланғич синф мактаблари ишлашда давом этмоқда.
Швеция сингари ёндашувни қай тарзда қабул қилганликларидан қатъи назар, ҳозирда кўплаб бошқа мамлакатлар ҳам унга тақлидан иш тута бошлади. Дания ва Франция бошланғич мактабларни қайта очди. Германияда кичик дўконларнинг очилишига рухсат берилди. Италияда тез орада парклар очилади, Франция айрим кичик корхоналар, жумладан, фермер расталари, музейлар ҳамда мактаб ва боғчаларнинг очилишига рухсат беришни режалаштиряпти. Бугунги кунда COVID-19 туфайли вафот этганлар сони бўйича энг юқори кўрсаткич эгаси эканига қарамасдан АҚШнинг айрим штатлари ўзи швед моделини танқид қилганига қарамай, ўз мамлакатини ҳам шунга ўхшаш йўлга бошлаб кираётган президент Дональд Трампнинг талаблари бўйича чеклов чоралари енгиллаштирмоқда.
Мамлакатларда ўзидаги чекловларни юмшатиши учун жиддий сабаблар юзага чиқди. Нафақат вируснинг ўзи, балки унга қарши кўрилган чоралар туфайли ҳам юзага келган умумий ўлимлар сони, касодга учрашлар, ишдан бўшатилишлар, суиқасдлар, руҳий ҳолат билан боғлиқ муаммолар, ЯИМ ва сармоянинг пасайиши ва бошқа талафотлар кўламини аниқлаш учун ҳали яна бир неча йил керак бўлади. Бироқ карантин туфайли юзага келган иқтисодий ва ижтимоий таназзул оқибатлари мислсиз экани ҳозирданоқ ҳамма учун ойдек равшан бўлиши керак.
Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти прогнозларига кўра, карантин туфайли юзага келган иқтисодий ва ижтимоий турғунликнинг салбий оқибатлари жуда катта: пандемия туфайли жорий этилган чекловлар билан ўтказилган ҳар бир ойда ривожланган мамлакатлар иқтисодиёти икки фоиздан қисқаришга йўлиқади. Ташкилот маълумотларига кўра, Франция, Германия, Италия, Испания, Буюк Британия ва АҚШ иқтисодиёти йил давомида 25 фоиздан зиёдроққа пасаяр экан. Ишсизлик эса 1930 йиллардан буён кузатилмаган даражада ўсиб кетади ва натижада сиёсий беқарорлик ва ижтимоий тенгсизлик авж олади.
Вакцина яратилгунига қадар керак бўладиган эҳтимолий муддатгача чекловларни сақлаб тураверишнинг эса шунчаки иложи йўқ. Чекловлардан воз кечиш иқтисодий, сиёсий ва ижтимоий босимни енгиллаштиради. Шунингдек, аҳолига иммунитет ҳосил қилиш имконини ҳам беради ва бу эса узоқ муддатли истиқболда COVID-19 га қарши курашнинг нисбатан энг хавфсизроқ йўли бўлиб чиқади. Касаллик ҳақида ҳали кўп нарса номаълумлигича қолмоқда, лекин ҳозирда ёпилиб олган кўплаб мамлакатлар, келгусида эпидемиянинг янада жиддий тарзда авж олишига дуч келишлари мумкин. Агар мамлакатлар ҳам Швеция сингари жамоавий иммунитет ҳосил қилиш йўлидан борса, пандемиянинг умумий зиёни камроқ бўлади ва эҳтимол у эртароқ якунланади.
Швециянинг COVID-19’га нисбатан ёндашуви ушбу мамлакатнинг ўзигагина хос бўлган ички маданияти билан боғлиқ ва бу моделнинг ҳамма жиҳатларини ҳам бошқа жойларда такрорлаб кўриш осон бўлмайди. Масалан, расмий тавсияларга риоя қилиш маданияти ва фуқаролардаги шахсий масъулиятни Скандинавиядан ташқарида унча учратмайсиз. Швеция бу нафақат фуқаролар орасидаги ўзаро ишонч кучли бўлган, балки фуқаролар ва давлат идоралари ўртасидаги ўзаро ишонч ҳам юксак даражада бўлган ноёб мамлакатдир. Бошқа мамлакатлар фуқароларидан фарқли ўлароқ, шведлар ихтиёрий равишда бажарилиши керак бўлган тавсияларга жиддий амал қилишга тайёр миллат эди.
Кўплаб бошқа мамлакатларга қараганда шведларнинг ялпи саломатлиги ҳам яхшироқ саналади ва шу сабабли ҳам дунёнинг бошқа жойларида швед моделини татбиқ қилиш жараёнида беморларни ҳимоя қилиш учун бошқа қўшимча чораларни ҳам қўллашга тўғри келиши мумкин. Чекловларни юмшатаётган мамлакатлар, шунингдек, Швециянинг муҳожирларга ва кексаларга нисбатан муносабат борасидаги йўл қўйган хатоларини ҳам эътиборга олишлари керак: қариялар уйида ниқоблар ва ҳимоя воситалари ҳозир-у нозир бўлиши шарт, катта хатар остида ишлайдиган ижтимоий хизмат кўрсатиш соҳаси ходимларини ҳимоя қилишга ҳам катта урғу бериш керак. Лекин саъй-ҳаракатлар бутун бошли жамиятни карантинга олинишига эмас, балки хавф гуруҳидаги одамларни муҳофазага олиниши ва уларнинг хатардан холи тутилишига қаратилиши керак.
Олимлар вирус ҳақида янги маълумотларга эга бўлиши асносида ҳукумат вакиллари ҳам инфекцияга чап беришнинг янада самарадор усулларини ишлаб чиқа бошлайди. Масалан, жамоавий иммунитет параметрларини қайта ҳисоб-китоб қилиниши орқали ялпи карантин чекловларининг қай даражада ўзини оқлашига баҳо бериш мумкин бўлади. Ҳатто Бирлашган Қироллик ва АҚШ сингари хавф гуруҳига мансуб аҳоли сони катта бўлган мамлакатларда ҳам бундай одамларни ялпи равишда уйда ўтиришига кетадиган сарф-харажатлар миқдори, уларни ҳимоялашга кетадиган харажатлар миқдоридан қимматга тушади. Жамоавий иммунитет ҳосил қилишга қаратилган саъй-ҳаракатлар биринчи навбатда айнан хавф гуруҳидаги одамларни ҳимоя қилишни англатади. Швеция бу нақадар қийин йўл эканини билиб олди, лекин у ерда ҳозир вазият назоратга олинган.
Ялпи карантинларнинг асорати чидаб бўлмас даражага етгач ва пандемиянинг устидан ғалаба имконсиз эканини ҳамда у барибир воқеа реаллик эканини англагани сайин мамлакатлар бирин-кетин очила бошлайди. Онгли равишда ижтимоий масофаланиш туфайли тиббиёт муассасаларининг тўлиб кетишининг олди олиниши, беморларни даволаш усулларининг такомиллашиб бориши ҳамда хавф гуруҳидагиларнинг жиддий ҳимояга олиниши орқали одамлар орасида ўлим кўрсаткичини пасайтириш мумкин бўлади. Агар аҳолининг заиф қатлами яхши ҳимояланган бўлса, охир-оқибатда мустаҳкамланган жамоавий иммунитетгина ушбу касалликдан ҳимояланишнинг ягона ишончли йўли бўлади. Шундай қилиб, бошқа мамлакатлар Швециянинг пандемияни жиловлаш борасидаги тажрибасига қараб, унинг ҳаммадан пешқадам эканини тушуна бошлайди.
Изоҳ (0)