Ўзбекистоннинг биринчи мудофаа вазири, генерал-полковник Рустам Аҳмедов AlterEgo лойиҳасига берган интервьюсида Ўзбекистон мустақилликнинг дастлабки йилларида мамлакат иқтисодий аҳволи ва у қандай қилиб бой ресурсларга эга давлатга айлангани ҳақида маълумот берди.

1991—1997 йилларда Ўзбекистон мудофаа, 1997—2000 йилларда эса Фавқулодда вазиятлар вазири лавозимларида фаолият юритган Рустам Аҳмедовнинг таъкидлашича, мустақилликнинг илк кунларида Ўзбекистон Совет Иттифоқининг бошқа ҳудудларига нисбатан иқтисодий жиҳатдан нисбатан барқарор кўринса-да, аслида бу ҳудудга “дотацион республика” сифатида қаралган. Унинг айтишича, ўшанда республика бюджети атиги 5–6 миллиард доллар атрофида бўлган.
“Биз Марказий Осиёда ҳар жиҳатдан энг ривожланган республика эдик. Совет Иттифоқи даврида бу ерга Ельцин ҳам, Горбачёв ҳам келган ва ҳамма бизни дотацион республика деб атаган. Пахтани биздан текинга олиб кетишганини айтмаса ҳам бўлади. Кейинчалик текшириб кўрсак, республика бюджети 5-6 миллиард атрофида экан. Хўш, ялпи маҳсулот 5-6 миллиард дегани нима ўзи?
Бир куни президент менга ‘Агар мана шу пахтани охирига етказсак, у 2 миллиард эмас, балки 20 миллиард беради’, деди. Мен ўйланиб қолдим, айнан ўша пайтда Германияга расмий ташриф билан борган эдим. Қайтиб келгач, тун бўйи ухламай ҳисоб-китоб қилдим. Шунда аниқладимки, бизда мева маҳсулотлари пахтага қараганда бир неча ўн баробар кўпроқ даромад келтиради.
Кейин президентга кириб, энди мени тингланг, дедим. Мен Каримовга тушунтира бошладим. Масалан, битта ўрик дарахти 100 килограмм қоқи беради. Тўрт-олти дона қоқи, мана шундай қадоқчада, Германияда 4 евро туради. Кишмишнинг 20 грамми 3 евро туради. Ҳисоб-китоб қилганимда, айтдимки, бизнинг пул айланмамиз 5-6 миллиард эмас, балки 160-180 миллиард бўлади. Шундан сўнг у ‘Ўзбекистон — буюк давлат, келажагимиз буюк’, деган иборани тез-тез ишлатадиган бўлди”, дейди Рустам Ахмедов.
Унинг айтишича, дастлабки йилларда Ўзбекистон 40-50 тоннагача олтин қазиб олган, 1996 йилга келиб эса 100 тоннага етган. Унинг айтишича, айнан ўша йилларда АҚШнинг Колорадо штатида жойлашган Newmont Mining компанияси билан ҳамкорлик бошланган ва паст концентрацияли олтин захиралари устида ишлаш америкаликларнинг технологик ёндашуви асосида амалга оширилган.
“Дарҳақиқат, биз дотацияли республикадан олтин конларига эга давлатга айландик. Ўша пайтда тахминан 40-50 тонна олтин қазиб олган бўлсак, 1996 йилга келиб йилига 100 тоннага етдик. Йилига 100 тонна олтин.
Newmont Mining деган Американинг Колорадо штатидаги Денвер шаҳрида жойлашган компанияга конлар ижарага берилди. Улар бизнинг минераллашган жинс уюмларимиздан олтин қазиб олишмоқда. Агар уюмларда олтин миқдори 2-3 фоиз бўлса, биз республикада бундай жойлар билан шуғулланмаймиз, чунки фойдасиз деб биламиз. Аммо америкаликлар, масалан ‘Зарафшон Ньюмант’ компанияси, 2 фоиз олтин миқдори билан ҳам ишлашган. Уларнинг ўзига хос қазиб олиш усуллари бор. Улар бир ярим мингдан икки минг килограммгача олтин қазиб олишган. Биз билан 50-50 нисбатда бўлишиб, бизга ҳам улуш беришган. Албатта, уларнинг олтинни қазиб олиш усуллари ўзгача”, дейди собиқ мудофаа вазири.
Изоҳ (0)