Ўзбекистонга Қирғизистондан 5,2 миллиард сўмлик тилла буюмларни ноқонуний олиб келган шахс ушланди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати хабар берди.

ДХХнинг Андижон ва Фарғона вилоятлари бўйича бошқармалари ходимлари томонидан тезкор тадбир ўтказилган. Қирғизистондан “Водил авто” чегара божхона пости орқали Фарғона вилояти ҳудудига ўтган вақтида Андижон шаҳрида яшовчи, 1992 йилда туғилган фуқаро тўхтатилиб, ўрнатилган тартибда текширилганда унинг эгнидаги кийимлари остига яширган ҳолда, жами 859 дона заргарлик буюмлари ва 1 дона қўл соатини қўшни давлатдан олиб келгани аниқланган.
Экспертлар хулосасига кўра, кимёвий таркиби олтин ҳисобланган, бриллиант тошлари билан безак берилган мазкур заргарлик буюмларининг соф оғирлиги 4 кило 155 грамм бўлиб, умумий баҳоси 5 миллиард 213 миллион сўмни ташкил этади.
Аниқланишича, Андижон ва Фарғона вилоятларида яшовчи 10 нафарга яқин савдогар томонидан Туркиядан Қирғизистонга олиб келинган ушбу заргарлик буюмларини мазкур шахс 400 АҚШ доллари хизмат ҳақи эвазига чегара божхона постидан ўтказиб бериши керак бўлган.
Ҳозирда унга нисбатан Жиноят кодексининг 182-моддаси 2-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилган. Ушбу моддага кўра, божхона тўғрисидаги қонунчиликни бузиш (жуда кўп миқдорда) БҲМнинг 300 бараваридан 600 бараваригача миқдорда жарима ёки 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд 5 йилдан 8 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Айни пайтда қимматбаҳо буюмлар эгаларининг шахсига аниқлик киритилмоқда.
2025 йилнинг бошларида “Фарғона аэропорти” чегара божхона пости ходимлари томонидан 483 млн сўмлик заргарлик буюмларини яшириб олиб кирилишига чек қўйилганди. Божхона қўмитаси маълумотларига кўра, ноқонуний муомаладан олиб қўйилган валюта қимматликлари ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 3 баробарга, заргарлик буюмлари эса қарийб 2 баробарга ортган.
Изоҳ (0)