Наманганда давлат чегарасини четлаб ўтиб, мамлакатга ноқонуний олиб кирилган 10 мингдан ортиқ заргарлик буюмлари тўхтатиб қолинди. Бу ҳақда «Дарё» мухбири Азизбек Абдувалиев хабар бермоқда.
Наманган вилоятининг Янгиқўрғон туманида яшовчи 30 яшар Шаҳзод Ғуломжонов (исм-шарифлар шартли) Хурсанд исмли шахс билан тил бириктириб, ўзбек-қирғиз давлат чегарасидаги божхона назорати ўрнатилмаган дала айланма йўли орқали хорижда ишлаб чиқарилган, ҳеч қандай ҳужжатлари бўлмаган, 22 та полиэтилен пакетга жойланган 10720 дона заргарлик буюмини олиб ўтади.
Ушбу буюмлар Мажид Акромхонов бошқарувидаги Lacetti русумли автомобилнинг орқа ўриндиғи, газ баллон ораси ҳамда олд капот остига яширилади. Ҳайдовчи уларни Тошкентда яшовчи, шахсига аниқлик киритилаётган Ҳожи ва Раис лақабли шахсларга етказиб бериш мақсадида Нанай—Наманган йўналишида ҳаракатланиб кетаётганда ДХХ Наманган вилоят бошқармаси ва вилоят божхона бошқармаси тезкор ходимлари томонидан қўлга олинади.
Молия вазирлиги ҳузуридаги Давлат асллик даражасини белгилаш палатаси экспертлари хулосасига кўра, ашёвий далил тариқасида олинган заргарлик буюмларининг умумий оғирлиги 27 027,03 граммни ташкил этади.
Наманган баҳолаш ва консалтинг марказининг ҳисоботида келтирилишича, ашёвий далил тариқасида олинган заргарлик буюмларининг бозор нархи 536 783 600 сўмга тенг.
Мазкур ҳолат юзасидан Шаҳзод Ғуломжонов ва Мажид Акромхоновга нисбатан жиноят иши қўзғатилди. 27 килограммдан ортиқ ноқонуний тилла буюмлари эса давлат фойдасига мусодара қилинди.
Изоҳ (0)