Жалолобод вилоятида яшовчи фуқаронинг уйида Қирғизистон ва Ўзбекистонни боғловчи туннель аниқлангани тўғрисида хабар берилганди. Давлат хавфсизлик хизматига кўра, ушбу туннеллардан мобил телефон ва заргарлик буюмлари ноқонуний равишда олиб ўтишда фойдаланилган.
Қайд этилишича, ДХХ Андижон вилоят бўйича бошқармаси ходимлари томонидан олиб борилган тезкор-қидирув тадбирлари натижасида, Хонобод шаҳрининг “А.Навоий” МФЙ ҳудудини Қирғизистоннинг Жалолобод вилояти Сузоқ тумани “Бекобод” қишлоғи билан боғловчи 2 та яширин ерости йўли аниқланиб, улар орқали товар-моддий бойликларни юртимизга олиб ўтиш билан шуғулланган Ўзбекистон ва Қирғизистон фуқароларидан иборат трансчегаравий жиноий гуруҳ фаолиятига чек қўйилган.
Дастлаб Қирғизистон фуқароси ерости йўли орқали Ўзбекистонга 16 та қопда жами 813 дона мобил телефон воситаларини олиб ўтиб, мамлакатдан эса 1 килограмм 745 грамм олтин ёмбилари ва заргарлик буюмларини олиб чиқиб кетмоқчи бўлган вақтида ашёвий далиллар билан қўлга олинган.
Тезкор тадбир давом эттирилиб, унинг Андижон шаҳридаги бошқа шериклари аниқланди ҳамда уларга тегишли 10 та манзил кўздан кечирилганида, мазкур ерости йўлаклари орқали олиб ўтилган мобил телефон аппаратлари, планшет, ноутбук ва уларнинг аксессуарлари борлиги аниқланиб, процессуал тартибда расмийлаштириб олинган.
Ҳар икки ерости йўли 20 метр чуқурликда жойлашган, кенглиги 70-80 сантиметрни, баландлиги 170-180 сантиметр, биринчисининг узунлиги 350 метрни, иккинчисиники эса 135 метрни ташкил қилади.
Тезкор тадбир давомида, гуруҳ аъзоларидан дастлабки қиймати 11 миллиард сўмни ташкил қилувчи жами 3813 дона турли мобил телефон аппаратлари, 50 дона планшет, 97 дона ноутбук ва 1000 донадан ортиқ аксессуарлар, шунингдек 1 килограмм 745 грамм олтин ёмби ва заргарлик буюмлари олинди.
Ҳозирда аниқланган ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Изоҳ (0)