Фарғонада салкам 8 килограмм заргарлик буюмларини Damas ичига яшириб, Ўзбекистон ҳудудига олиб кирмоқчи бўлган фуқаро қўлга олинди. Бу ҳақда “Менинг юртим” телеканалининг “Ҳудуд” дастурида маълум қилинди.
Қайд этилишича, ДХХ Чегара қўшинлари, Фарғона вилояти божхона бошқармаси, “Равот” чегара-божхона пости ходимлари томонидан Тожикистондан Ўзбекистон ҳудудига ҳаракатланган Damas кўздан кечирилган. Текширув давомида автомашина салонининг том қисмига ўрнатилган қути ичида ҳамда олд ўриндиқлар остида божхона ходимининг оғзаки сўровида маълум қилинмаган ва декларацияда кўрсатилмаган заргарлик буюмлари борлиги аниқланди.
Тўртта целлофан пакет ичига яширилган 7,89 килограмм заргарлик буюмларининг умумий қиймати 181,5 миллион сўмни ташкил этади.
Ҳозирда ҳолат юзасидан божхона органлари томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Аввалроқ Наманганда давлат чегарасини четлаб ўтиб, мамлакатга ноқонуний олиб кирилган 10 мингдан ортиқ заргарлик буюмлари тўхтатиб қолинганди.
Изоҳ (0)