Шавкат Мирзиёев ва Мўғулистон президенти Ухнаагийн Хурельсух 25 июнь куни рафиқалари билан бирга “Их Тенгер” давлат мажмуаси боғида дарахт экди.

Президент матбуот хизматининг хабар қилишича, маросим икки мамлакат халқлари ўртасидаги дўстлик тобора мустаҳкамланиб бораётгани, Ўзбекистон—Мўғулистон кенг қамровли шериклик муносабатларининг ривожланишида янги босқич бошланганининг рамзи бўлди.

Ташриф давомида олий мартабали меҳмонлар “Наадам” анъанавий мўғул беллашувларини томоша қилди.



Тадбирни кузатган журналист Азиза Қурбонованинг ёзишича, Ўзбекистон президентининг Мўғулистонга давлат ташрифи мўғул халқининг энг севимли ёз байрами арафасида бўлиб ўтмоқда. 11—12 июль кунлари бутун Мўғулистонда катта фестивал бошланади. Их Тенгерийн мажмуасида давлат раҳбари шарафига ушбу миллий байрам саҳналари ташкил этилди.
Фестивалнинг энг ёрқин воқеаси бу “надаам” мусобақалари. Унда мўғул ботирлари учта асосий беллашув — кураш, отда югуриш, камондан ўқ отиш бўйича курашади. Надаам ўйинлари ЮНЕСКОнинг номоддий маданий мерос рўйхатига киритилган.
Тадбирдан лавҳалар

















Шавкат Мирзиёевнинг Мўғулистонга давлат ташрифи биринчи куни қандай ўтди?
Ўзбекистон президенти рафиқаси билан бирга ушбу мамлакатга 24 июнь куни келганди. Расмий кутиб олиш маросимидан сўнг Мўғулистон Давлат саройида президент Шавкат Мирзиёев ва Мўғулистон президенти Ухнаагийн Хурельсухнинг тор доирадаги ва расмий делегациялар иштирокидаги музокаралари бўлиб ўтди. Музокаралар давомида амалий ҳамкорликнинг барча асосий масалалари ва йўналишлари атрофлича кўриб чиқилди, келажакка мўлжалланган аниқ вазифа ва режалар белгилаб олинди. Олий даражадаги музокаралар якунида президент Шавкат Мирзиёев ва Мўғулистон президенти Ухнаагийн Хурельсух Кенг қамровли шериклик муносабатларини ўрнатиш тўғрисидаги қўшма декларацияни қабул қилди. Шу куни Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ва Мўғулистон президенти Ухнаагийн Хурельсух рафиқалари билан биргаликда икки мамлакат санъат усталарининг концертида иштирок этди.
Изоҳ (0)