Ўзбекистонда 2030 йилгача маҳаллалардаги барча асфалтланмаган ички йўллар тартибга келтирилади. Бу ҳақда транспорт вазири Илҳом Маҳкамов 11 июль куни Қонунчилик палатасида бўлиб ўтган ҳукумат соатида маълум қилди.

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП фракцияси аъзоси Анвархон Темиров вазирдан маҳаллалар ва аҳоли пунктларидаги йўлларнинг ҳолати ҳақида сўради. Куз-қиш мавсумида фуқаролардан йўлларнинг қониқарсиз аҳволи юзасидан мурожаатлар кўпайиб боришини билдирди.
“Маҳалла, ички йўлларда 2030 йилгача асфальт қилинмаган йўл қолмайди. Аниқ дастур бор. Яъни бугунги кунда биз 70 фоиз лой, тупроқ йўлларининг айримини шағалга, айримини асфальтга ўтказдик. Қолган 30 фоизини, умуман, тупроқ йўлларни икки йилда шағалга ўтказамиз ва 2030 йилгача юриб бўлмайдиган аҳоли пунктининг ўзи қолмайди. Бу амбициоз бўлган тақдирда ҳам, лекин мана, Молия ва иқтисодиёт вазирлиги билан бирга бўйнимизга олган тизим”, деб жавоб берди Илҳом Маҳкамов.
Депутат ички йўлларни маҳаллий ҳокимликлар балансига ўтказиш масаласи турганини қайд этиб, битта туманга қўшимча жамғармадан ташқари 4 миллиард сўм маблағ ажратиладиган бўлса, маҳаллий ҳокимликнинг пули йўл инфратузилмасини сақлаш учун етарли бўлиш-бўлмаслигини ҳам сўради.
Транспорт вазири бунга жавобан аниқ дастур борлигини, улар тасарруфида бўлмаган тақдирда ҳам, бунинг умумий сиёсатини ўзлари юритишини, бюджетнинг параметри бўйича йўлларни таъмирлаш ишлари учун пул белгиланишини айтди.
Ўзбекистонда охирги 7 йилда йўлларни қуриш ва таъмирлашга 61 триллион сўм ажратилган. Бу 2017 йилгача берилган маблағлардан 3,5 баробар кўп.
Изоҳ (0)