Президент раислигида ўтказилаётган видеоселектор йиғилишида жорий йилнинг олти ойида 20 та ҳудудда авариялар сони юқорилигича қолаётгани таъкидланди.

Қайд этилишича, оғир оқибатли авариялар кескин камайган туманлар кўп. Мўйноқ, Нукус, Тахтакўпир, Қонликўл, Янгиобод, Тўрақўрғон, Оққўрғон, Сайхунобод, Булоқбоши, Улуғнор, Бандихон туманлари ва Оҳангарон, Ширин, Нурафшон, Хонобод шаҳарларида вазият яхшиланиб, бирорта ўлим бўлмади.
Лекин Қизилтепа, Уйчи, Пахтачи, Чуст, Тойлоқ, Ургут, Шовот, Пастдарғом, Яккабоғ, Қўшкўпир, Хонқа, Денов, Пешку, Беруний, Олмазор, Бектемир туманларида тескари вазият. Соҳа учун масъулларга бизда ҳар 100 минг аҳолига ўлим билан боғлиқ авариялар сони Ҳамдўстлик давлатлари ичида энг пастлиги хотиржамликка берилиш учун сабаб эмаслиги кўрсатиб ўтилди.
“Афсуски, ҳар тўртинчи аварияда 1 киши ёки кунига ўртача 6 киши вафот этаётгани барчани қаттиқ ташвишга солиши керак”, деди президент.
Шунингдек, қаерда ҳоким ва ЙҲХХ биргаликда йўл инфратузилмаси билан жиддий шуғулланса, ўша ерда ўзгариш кузатилаётгани қайд этилди. Мисол учун, Чустдан ўтган Д-105 Фарғона ҳалқа йўлининг 6 километрига муҳофаза тўсиқлари ўрнатилгани учун бу йил ўлим билан боғлиқ авария бўлмади (илгари бу йўлда йилига 10 нафар одам вафот этарди).
Президент топшириғига кўра, халқаро ва давлат аҳамиятидаги йўллар ҳолати ўрганилди. 1 минг 557 километр йўлларда бетон ва темир тўсиқлар, 967 километр тротуар, 38 мингта йўл белгиси етишмаслиги аниқланди.

Шу муносабат билан президент йўл инфратузилмасини яхшилаш орқали аварияларни камайтириш бўйича “Хавфсиз йўл” миллий дастури бошланишини эълон қилди. “Хавфсиз йўл” миллий дастури доирасида “Хавфсиз йўл ва хавфсиз пиёда” республика жамғармаси фаолияти қайта ташкил қилиниб, Ҳукумат бўйсунувига ўтказилади. Ҳар бир вилоятда жамғарманинг алоҳида филиаллари бўлади.
Бу йил жамғармага барча манбалар ҳисобидан 400 миллиард сўм тушиши прогноз қилинган. Бунга қўшимча, фото-видео радардан бюджетга тушадиган жариманинг 25 фоизи ҳам жамғарма ва унинг филиалларига йўналтирилади.ЙҲХХ тизимидаги йўл белгилари ва светофор ўрнатиш, йўл чизиқларини чизишга масъул корхоналар ҳам вилоятга ўтказилади.
Қайд этилишича, жамғарманинг фаолияти шаффоф бўлади, унга вилоят ЙҲХБ ва йўл бошқармаси бошлиқлари, жамоатчилик вакиллари киради. Бундан буён ушбу жамғарма маблағлари биринчи галда авария ўчоқлари бўлган хавфли участкаларни тартибга солишга йўналтирилади (йўлни ажратувчи тўсиқлар, йўл белгилари, ёритгичлар ўрнатиш, пиёда йўлаклари ташкил қилиш, чорраҳаларни рақамлаштириш).
Изоҳ (0)