Шавкат Мирзиёев 20 июндаги йиғилишда Республикадаги барча туман ҳокимлари Шаҳрисабз, Яккабоғ ва Кўкдала туманларидаги каби янги лойиҳаларни амалга ошириши кераклигини айтди.
-6zcqwDyd.avif)
Давлат раҳбари 19 июнда Қашқадарёнинг турли объектларга ташрифдан олган таассуротлари билан бўлишди. Хусусан, уч йил олдин Чироқчидан ажралиб чиққан Кўкдала тумани. Ўтган даврда бу ерда 120 километр сув, 210 километр электр тармоғи қурилди, 605 километр тупроқ йўллар таъмирланди, 19 та мактаб, 22 та боғча, 5 та оилавий поликлиника ишга тушди. Ишлаб чиқариш корхоналари 3 карра ошиб, 220 тага етди. Қисқа даврда “Мираки”нинг ўзида 180 миллион долларлик 200 дан ортиқ лойиҳа ишга тушди, 2 минг иш ўрни яратилди. Яна 150 миллион долларлик лойиҳаларда ишлар кетяпти. Яккабоғ туман марказида 1 минг 400 хонадонли 54 та кўп қаватли уйлар, “Эко бозор”, замонавий савдо ва кўнгилочар маркази барпо бўлди.
“Тўғриси бу менга жуда маъқул бўлди. Мана, туман маркази қандай бўлиши керак! Бундай лойиҳаларни ҳар бир туман, ҳар бир маҳаллада қилсак, ўша ҳудудга маданият киради, ислоҳотларимиз жойларгача етиб борганининг яққол натижаси бўлади”, деди президент.

Шаҳрисабз шаҳрида 10 миллион долларлик кўп тармоқли замонавий клиника ишга туширилди. Ҳар бир ҳудудда камида 1 тадан мана шундай хусусий клиника очилишига кўмаклашиш зарурлиги кўрсатиб ўтилди. Президент бунинг учун давлат 140 миллион доллар ресурс ажратишга тайёрлигини айтди.
“Қисқа қилиб айтганда, Шаҳрисабз, Яккабоғ ва Кўкдалада ишга тушган янги лойиҳалар “Ислоҳотлар штаби”га тайёр андоза. Республикадаги барча туман ҳокимлари Шаҳрисабз, Яккабоғ ва Кўкдалани келиб кўрсин, ўргансин, ўзида ҳам мана шундай янги-янги лойиҳаларни қилсин”, деди Шавкат Мирзиёев.
Давлат раҳбари Қашқадарёнинг ялпи ҳудудий маҳсулотини келгуси беш йилда бемалол 10 миллиард доллардан ошириш мумкинлигини айтди. Шу муносабат билан Қашқадарёда вилоят “Ислоҳотлар штаби” тузилиши белгиланди.
Шавкат Мирзиёевнинг Қашқадарёга ташрифи биринчи куни
Шавкат Мирзиёев Қашқадарёга ҳудудлар ривожи, ислоҳотлар натижадорлиги билан танишиш мақсадида келганди. 19 июндаги ташрифини Қарши шаҳридаги “Алп техно сервис” электротехника корхонаси билан танишувдан бошлади. Қарши шаҳридан Шаҳрисабзга поездда борди ва у ерда кўп тармоқли кардиология маркази фаолияти билан танишди. Яккабоғ туманида барпо этилган “Янги Ўзбекистон” массивини бориб кўрди. Шаҳрисабз тумани Ҳисор тоғи ён бағридаги сайёҳлик салоҳияти билан танишди. “Мираки” халқаро туризм марказига ташриф буюрди. “Ҳисорак”да 1,5 миллион долларга қурилган кичик ГЭСни кўздан кечирди. Шаҳрисабз туманидаги агротуризм мажмуасини бориб кўрди.
Изоҳ (0)