АҚШ президенти Дональд Трамп Анкориждан қайтиш йўлида Украина президенти Владимир Зеленский билан гаплашди. Бу ҳақда CNN хабар бермоқда.

“Трамп Зеленский билан узоқ суҳбат ўтказди. Бироқ суҳбат тафсилотлари номаълум”, дейилади хабарда.
Шундан сўнг у НАТО давлатлари раҳбарлари билан телефон орқали боғланган. Ушбу суҳбат тафсилотлари ҳам ҳозирча номаълум.
Шу билан бирга, Axios нашри мухбири Барак Равид ишончли манбага таяниб, Зеленский билан суҳбат бир соат давом этганини маълум қилди. Унда давлат котиби Марко Рубио ва президентнинг махсус вакили Стив Уиткофф ҳам иштирок этган.
“Сўнгра бу суҳбатга ярим соат давомида Буюк Британия, Франция, Италия, Германия, Финляндия, Польша раҳбарлари, шунингдек, НАТО бош котиби Марк Рютте ва Европа комиссияси раиси Урсула фон дер Ляйен қўшилди”, дея Равид суҳбатдошининг сўзларини келтирди.
Украина президенти Владимир Зеленский телефон суҳбати якунлари бўйича берган хабарида Оқ уйда АҚШ президенти Дональд Трамп билан учрашишини маълум қилди. Учрашув 18 август, душанба куни бўлиб ўтади.
Зеленскийнинг таъкидлашича, уларнинг Трамп билан суҳбати “узоқ ва мазмунли” кечган. АҚШ президенти унга Россия президенти Владимир Путин билан ўтказилган учрашув натижалари ҳақида маълумот берган. Суҳбатнинг якуний қисмида Европа етакчилари ҳам мулоқотга қўшилган.
Шунингдек, Зеленский Киевнинг Украина, АҚШ ва Россия раҳбарлари ўртасида уч томонлама учрашув ўтказилишини қўллаб-қувватлашини билдирди.
15 август куни Анкориждаги Элмендорф-Ричардсон ҳарбий базасида Трамп ва Россия Федерацияси президенти Владимир Путин ўртасида музокаралар бўлиб ўтди. Учрашувнинг асосий мавзуси Россия—Украина можаросини тугатиш масаласи бўлди. Вазирлар иштирокидаги “уч-учга” форматидаги учрашув 2 соат 45 дақиқа давом этди.
Америка президенти саммитдан сўнг Украинадаги можарони ҳал қилиш масаласи энди Зеленскийнинг қўлида эканини айтди. Трамп ҳозирча Украина бўйича ҳеч қандай келишув йўқлигини таъкидлади.
Изоҳ (0)