Саудия Арабистонининг “Ан-Насср” клуби португалиялик ҳужумчи Криштиану Роналдунинг истагига кўра “Ливерпуль” футболчиси Луис Диасни трансфер қилишга ҳаракат қилмоқда. Бу ҳақда Испаниянинг Sport.es нашри хабар берди.

Манбага кўра, Роналду колумбиялик футболчини Риёд клубининг ҳужум чизиғида кўришни истамоқда. У Диаснинг рақиб ҳимоясини ёриб ўтиш, аниқ пас бериш ва хавфли вазиятлар яратиш қобилиятини юқори баҳолайди. “Ан-Насср” бу трансфер учун “Ливерпуль” белгилаган 100 миллион евро миқдоридаги маблағни тўлашга тайёр.
Аввалроқ, Германиянинг “Бавария” клуби Луис Диас учун 67,4 миллион евролик расмий таклиф юборган эди. Бироқ “Ливерпуль” бу таклифни рад этди. Шунингдек, “Барселона” ҳам футболчининг атрофидаги вазиятни диққат билан кузатиб бормоқда.
Маълумот учун, 27 ёшли Луис Диас ўтган мавсумда барча мусобақалар доирасида 50 та ўйинда майдонга тушиб, 17 та гол ва 8 та голли узатмага муаллифлик қилган. Унинг “Ливерпуль” билан шартномаси 2027 йил ёзигача амал қилади.
Изоҳ (0)