Мамлакатга меҳнат муҳожирлари юборган пуллар ҳажми бир йилда 27 фоиз ўсди. Бу ҳақда Марказий банк шарҳда маълум қилинган.

2025 йил январьи-юнь ойларида чет элдан Ўзбекистонга келиб тушган пул ўтказмалари 8,2 млрд долларни ташкил қилди. Бу 2024 йил мос давридагига нисбатан 1,8 млрд долларга кўп (27 фоиз).
“Маблағларнинг 78 фоизи Россиядан (6,4 млрд доллар) келиб тушган. Қолган қисми Қозоғистон, АҚШ, Жанубий Корея, Туркия, Буюк Британия, Қирғизистон, Литва ҳамда бошқа мамлакатлар ҳиссасига тўғри келган”, дейилади манбада.
Пул ўтказмалари ортишига ўзбекистонлик мигрантлар ишлайдиган давлатларда ишчи кучига талаб кўпайгани ва иш ҳақлари юқори даражада сақланиб қолгани сабаб бўлган. Шу билан бир қаторда миллий валюта курслари мустаҳкамланиши ҳам таъсир қилган.
Марказий банк таҳлилига қараганда, Ўзбекистонга ривожланган мамлакатлардан келиб тушган трансчегаравий пул ўтказмалари ҳажмлари ўсиб бормоқда. Масалан, трансфертлар ҳажми Буюк Британиядан икки баробар, Европа Иттифоқи мамлакатларидан 41 фоизга (Ирландия 2,8 баробар, Литва 79 фоиз, Нидерландия 44 фоиз, Польша 20 фоиз) ҳамда АҚШдан 15 фоизга ошган.

Олти ой давомида жисмоний шахсларга келиб тушган пулларнинг 4,3 млрд доллари (53 фоизи) анъанавий халқаро пул ўтказма тизимларидан юборилган. Бунда ўсиш ҳажми 2024 йил мос даврига нисбатан 22 фоизни ташкил этган. Яна 3,6 млрд доллар (44 фоизи) хориждан банк карталарига тўғридан-тўғри (P2P) ўтказмалар орқали (ўсиш 40 фоиз) келиб тушган. Ўз навбатида 251 млн доллар (3 фоизи) банк ўтказмаси (SWIFT) орқали (камайиш 22 фоиз) амалга оширилган.
Жорий йил январь-июнь ойларида Ўзбекистондан чет элга юборилган пул ўтказмалари ҳажми ўтган йил даражасида сақланиб қолиб, 1,2 млрд долларни ташкил қилган.
Изоҳ (0)