Пенсия жамғармаси рўйхатидаги пенсионерлар сони 4,2 млн нафарга етди. Бу ҳақда жамғарма июнь ойидаги пенсия тўловлари тўғрисидаги эълонида маълум қилди.

Қайд этилишича, банк картаси орқали пенсия олувчилар сони 84 фоизни ташкил этмоқда.
“Пенсия жамғармаси томонидан жорий йил июнь ойи тўлов рўйхатларига киритилган 4,2 млн нафар пенсия олувчилар учун талаб этилган маблағлар тижорат банкларига молиялаштирилиб берилди. Ўз навбатида пенсия тўловларини нақд пулсиз шаклда олувчи 3,5 млн нафар (ёки жами олувчиларнинг 84 фоизи) фуқароларнинг банк карталарига маблағлар тўлиқ юклаб берилиши таъминланди”, дея хабар берган жамғарма.
Лекин бу рақам республикадаги жами пенсионерлар сонини ифодаламайди. “Дарё” манбасининг маълум қилишича, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар тузилмаларидан пенсияга чиққанлар ҳисоби ва тўловлари алоҳида юритилади. У ташкилотлар қуйидагилар:
- Президент давлат хавфсизлик хизмати;
- Давлат хавфсизлик хизмати;
- Мудофаа вазирлиги;
- Ички ишлар вазирлиги;
- Бош прокуратураси;
- Фавқулодда вазиятлар вазирлиги;
- Миллий гвардияси;
- Божхона қўмитаси;
- Конституциявий суд;
- Олий суд;
- Судьялар олий кенгаши.
“Дарё” мазкур ташкилотлардан бир нечтасига ўз тузилмаларида ишлаб, пенсияга чиққан ва ҳозир пул олаётган пенсионерлар сонини очиқлашни сўраб, мурожаат қилди. Бироқ фақатгина Мудофаа вазирлиги тузилмаларида ишлаган ва ҳозирда пенсия олаётганлар сони ошкор этилди.
“Мудофаа вазирлиги тузилмаларида 27 минг нафар пенсионер пенсия олмоқда”, дейди вазирлик Фахрийлар кенгаши раиси Абубакир Наврўзов.
Ички ишлар вазирлиги матбуот котиби Шоҳруҳ Ғиёсов эса пенсионерлар сони ошкор этилмаслигини маълум қилди.
“Сони ёпиқ ахборот экан. Сабаби пенсияга чиқса, қуролли кучлар резервига ўтказилар экан. У маълумот эса махфий”, дея жавоб берди вазирлик ахборот хизмати раҳбари.
“Дарё” манбасининг айтишича, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларда ишлаб, пенсияга чиқадиганлар пенсияларини ҳисоблаш тартиби жамғарманикидан фарқ қилади. Яъни уларга юқорироқ пенсия тайинланади.
Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 2025 йил 1 апрелда Ўзбекистон аҳолиси 37,7 миллион кишига етган.
Изоҳ (0)