Мамлакатда фуқаролар пенсияларини қайта ҳисоблашга олиб келадиган бир неча ҳолатлар мавжуд. Бу ҳақда Пенсия жамғармаси эслатиб ўтди
“Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида”ги қонуннинг 49-моддасига асосан, бир неча ҳолларда пенсияларни қайта ҳисоблаш мумкин. Жумладан, пенсионер пенсия миқдорига таъсир кўрсатувчи қўшимча ҳужжатларни тақдим этганда унинг пенсияси қайта ҳисобланади.
“Масалан, фуқаро Пенсия жамғармасига мурожаат қилди. Унга 2022 йилда тақдим этган ҳужжатларига асосан ёшга доир пенсия тайинланди. Орадан 1 ёки 2 йил вақт ўтиб, 2022 йилдан аввал, пенсия тайинлашда инобатга олинмаган даврдаги иш стажи ва иш ҳақлари ҳақидаги ҳужжатлар билан мурожаат этса, фуқаронинг аризаси ва тақдим этган ҳужжатлари асосида пенсия миқдори қайта ҳисобланади. Инобатга олинмаган иш стажлари бўлса, уларни қўшиб пенсия миқдорини ошириб бериш мумкин” — дея тушунтирди Пенсия жамғармаси бўлим бошлиғи Нозимжон Жўраев.
Шу билан бирга, қуйидаги ҳолларда ҳам пенсиялар қайта ҳисобланади:
- ногиронлик гуруҳи ўзгарганда;
- боқувчисини йўқотганлик пенсияси оладиган оила аъзолари сони ўзгарганда;
- пенсияни ҳисоблашнинг базавий миқдорлари ўзгарганда;
- даромадлар индексация қилинган тақдирда.
Бундан ташқари, фуқарога I ва II гуруҳ ногиронлик пенсияси тайинланганидан кейин камида 1 йил иш стажига эга бўлса, фуқаронинг аризаси асосида иш стажи ва иш ҳақи инобатга олинган ҳолда пенсия ҳар икки йилда бир маротаба қайта ҳисоблаб чиқилади. Бунда пенсияни қайта ҳисоблаш фуқаро пенсия миқдорини қайта ҳисоблаш учун мурожаат қилган санада кўрсатилган унинг ёшига нисбатан талаб қилинган иш стажидан келиб чиққан ҳолда амалга оширилади. Пенсионерлар пенсияни қайта ҳисоблаш учун юқорида кўрсатиб ўтилган ҳуқуқлар пайдо бўлганидан кейин исталган вақтда мурожаат этишлари мумкин.
Изоҳ (0)