Япония чет эллик сайёҳлар учун кириш қоидаларини кучайтирмоқда. Бу ҳақда Tengrinews хабар берди.,

Асосий ўзгаришлар қаторида мажбурий тиббий суғурта, солиқ имтиёзлари ва қарзларни назорат қилишни кучайтириш бор. У соғлиқни сақлаш муассасаларига молиявий юкни камайтиришга қаратилган.
Бу ўзгаришларга сайёҳларнинг даволаниб, тўловларини тўламасдан кетиб қолиш ҳолатлари кўпайгани сабаб бўлган. Масалан, 2024 йил сентябрь ойида 11 мингдан ортиқ хорижлик даволанган бўлса, улардан 90 га яқини 61 миллион иендан ортиқ (420 минг доллар) қарз бўлиб қолган.
Янги қоидаларга кўра:
- суғуртаси бўлмаган туристларга киришга рухсатнома берилмайди;
- даволанишдан қарзи бўлган чет эл фуқароларига мамлакатга такрорий ташриф буюриш рад этилади;
- шифохоналар тўланмаган тўловлар тўғрисидаги маълумотларни иммиграция органларига тақдим этади;
- иммиграция хизматлари қарздорлар рўйхатига кириш имкониятига эга бўлади.
Янги қоидаларни жорий этилиш вақти ҳали айтилмаган.
Қайд этилишича, 2024 йилда Японияга 36,8 миллион хорижий меҳмон ташриф буюрган. 2025 йил апрель ойининг ўзида мамлакатга 3,91 миллион сайёҳ кириб келган. Бу ўтган йилга нисбатан 28,5 фоизга кўпдир. Бироқ сайёҳлар оқимининг ўсиши билан бирга Токио, Осака ва Киотодаги шаҳар касалхоналарига юклама ҳам ортиб бормоқда.
Япония Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига кўра, хорижликларнинг 30 фоизга яқини мамлакатга суғуртасиз келади. Муаммо янги эмас: 2022-молиявий йилда сўров ўтказилган шифохоналарнинг деярли 1/3 қисми чет эллик беморларнинг тиббий хизматлар учун пул тўлаш ҳолатлари ҳақида хабар берган.
Ўзгаришлар фақат туристларга таъсир қилмайди. Японияда яшовчи хорижликлар ҳам энди қатъий назорат остида бўлади. 150 та муниципалитетда ўтказилган сўров натижаларига кўра, Миллий тиббий суғурта рўйхатидан атиги 63 фоиз хорижликлар ўтган. Таққослаш учун, японлар учун бу кўрсаткич 93 фоизни ташкил этади.
Келажакда виза муддатини узайтириш билан суғурта ва солиқ тўланганини исботлаш ўртасида қатъий боғлиқлик бўлиши ҳам айтилган.
Япония, шунингдек, ўзининг машҳур туристик “солиқсиз харид қилиш” тизимини қайта кўриб чиқмоқда. 2026 йил 1 ноябрдан бошлаб 10 фоиз солиқ ҳозиргидек дўконда ушлаб қолинмасдан, харид вақтида тўланади. Пулни қайтариш учун жўнашдан олдин ариза бериш керак бўлади.
2030 йилгача ишга туширилиши керак бўлган Япониянинг электрон саёҳат рухсатномаси муддатидан олдин амалга оширилади. Ўзгаришлар АҚШ, Канада, Австралия, Буюк Британия, Франция ва Сингапур каби 71 та визасиз мамлакат сайёҳларига таъсир қилади. Бу Кореянинг KETA ёки Канаданинг eTa’сига ўхшайди: визасиз бўлса ҳам, олдиндан онлайн шаклни тўлдириш керак бўлади.
Изоҳ (0)