Ўзбекистонда Президент Администрациясининг янги тузилмаси тасдиқланди. Бу ҳақда Шерзод Асадов маълум қилди.

Президент матбуот котибининг хабар беришича, Шавкат Мирзиёев томонидан “Давлат бошқаруви тизимида самарадорлик, проактивлик ва натижадорликни ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармон имзоланди. Ушбу фармонга мувофиқ, Президент Администрациясининг янги тузилмаси тасдиқланди. Натижада Администрация ва унинг таркибидаги ташкилотларда 284 та штат қисқартирилди, такрорланувчи лавозимлар оптималлаштирилди.
Фармонга асосан, эндиликда Президент Администрацияси фаолиятида 5 та устувор йўналиш белгиланди. Булар — таълим, бизнес, суд-ҳуқуқ тизими, тиббиёт ва сув ресурслари масалаларидир. Ушбу йўналишларда ислоҳотларни самарали амалга ошириш мақсадида Президент Администрацияси раҳбарига 5 нафар ўринбосар лавозими жорий этилди.
Бундан ташқари, президентнинг стратегик ривожланиш, ташқи сиёсат бўйича янги маслаҳатчи лавозимлари киритилиб, молиявий технологиялар, рақамлаштириш ва сунъий интеллект, креатив иқтисодиёт ва туризмни ривожлантириш, жамоат хавфсизлиги ҳамда қонун устуворлиги, тадбирларни ташкиллаштириш, йиғилиш ва ҳудудларга ташрифлар учун таҳлилий контент тайёрлаш бўйича, шунингдек, коммуникация департаментлари ташкил этилди.
Февраль ойида ижтимоий тармоқларда Президент Администрациясида штат бирликлари камида 50 фоизга, бошқа давлат ташкилотларида ҳам қисқартириш бўлиши ҳақида расман тасдиқланмаган маълумотлар тарқалган эди. Ҳолат юзасидан президент матбуот котиби Шерзод Асадов изоҳ бериб, бу — доимий жараён эканини таъкидлаган.
Бундан кўзланган асосий мақсад — бир-бирини такрорловчи функцияларни қисқартириш, давлат бошқаруви тизими ва давлат хизматчиларининг фаолияти самарадорлигини ошириш, барча идораларда бюджет маблағларидан оқилона ва тежамкорлик билан фойдаланишни таъминлаш экани қайд этилган.
Изоҳ (0)