Қуёш фаоллигининг ортиши Илон Маскка тегишли SpaceX компаниясининг Starlink сунъий йўлдошлари хизмат муддатининг қисқаришига ва уларнинг Ерга эрта қайтишига сабаб бўлмоқда. Бу ҳақда Тhе Daily Galaxy хабар берди.

Олимларнинг аниқлашича, қуёш фаоллиги ортган пайтларда сунъий йўлдошлар Ер атмосферасига кутилганидан тезроқ кириб келмоқда. Бу эса уларнинг хавфсиз қайтиши борасидаги мавжуд қарашларни шубҳа остига қўяди.
Тадқиқотлар 2020–2024 йиллар оралиғида, яъни қуёш фаоллиги ошган даврда ўтказилган. Бу даврда 523 та Starlink сунъий йўлдоши орбитани тарк этиб, Ер атмосферасига қайтган. Олимлар буни қуёш фаоллиги сабаб юзага келадиган геомагнит бўронлар билан изоҳлайди.
Ушбу бўронлар Ер атмосферасининг юқори қатламларини иситар экан, бу қатламлар кенгайиб, сунъий йўлдошларга нисбатан қаршиликни оширади. Натижада йўлдошлар секинлашади ва орбитани олдинроқ тарк этишга мажбур бўлади.
Одатда Starlink сунъий йўлдошлари орбитада 5 йилгача фаолият юритади. Аммо геомагнит фаоллик туфайли уларнинг хизмат муддати ўртача 10–12 кунга қисқармоқда. Бундан ташқари, атмосферанинг исиши сунъий йўлдошлар ўртасидаги тўқнашув хавфини ҳам оширади.
Чунки кўплаб космик операторлар фойдаланадиган орбитал моделлар бундай ҳолатларда юзага келадиган юқори қаршиликни етарли даражада инобатга олмайди, дейилади хабарда.
Изоҳ (0)