Самарқанд вилоятида 8-синф ўқувчиси бўлган қиз бир гуруҳ шахслар томонидан ўғирлаб кетилиб, зўрланди. Бу ҳақда “Немолчи.уз” хабар қилди.
Қиз 23 сентябрда ўғирлаб кетилган. Қариндошларининг сўзларига кўра, орадан маълум вақт ўтгач, улар қизлари йўқолгани ҳақида ариза ёзган. Баданида зўравонлик излари бўлган қиз 6 ноябрь куни топилган. Қизнинг сўзларига кўра, уни бир неча кун калтаклаб, спиртли ичимликлар ва ноқонуний моддалар қабул қилишга мажбурлаб, иродасига қарши ушлаб турган ва зўрлаган. Унинг яқинлари қизни шифокорга олиб борган.
Жабрланувчининг яқинларининг сўзларига кўра, 7 ноябрь куни (қиз топилганнинг эртасига) терговчи уни гумонланувчилар билан битта машинада, лекин ота-онасисиз кўрикдан ўтказиш учун олиб кетган. Қиз эса эксперт эркак бўлгани учун экспертизадан бош тортди. Шунинг учун экспертиза 10 ноябрь куни (яна қариндошларсиз) ўтказилди. Аммо қонида алкоголь ёки зарарли моддалар бор-йўқлигини текшириш учун ундан қон олинмаган.
Қайд этилишича, қизга аризасини қайтариб олиши учун ҳар турли босим ўтказилмоқда, лекин у таслим бўлмаяпти.
Болалар омбудсмани ҳолат Қўшработ туманида содир бўлганини, ўз ваколати доирасида кузатув олиб бораётганини маълум қилди.
Ҳолат юзасидан гумонланувчи шахсларга нисбатан Жиноят кодексининг 119-моддаси (жинсий эҳтиёжни зўрлик ишлатиб ғайритабиий усулда қондириш) билан жиноят иши қўзғатилган бўлиб, ҳозирда дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Ҳозирда жиноят иши доирасида вояга етмаган қизга нисбатан тегишли суд-тиббиёт ва биологик экспертизалари тайинланган.
Изоҳ (0)