Бирлашган Миллатлар Ташкилоти экспертлари Ғазо сектори ва Ғарбий Соҳилда фаластинлик аёллар ва қизлар қўпол инсон ҳуқуқлари бузилишига, жумладан, зўрлаш, асоссиз қатл, жинсий тажовуз ва бошқа турдаги ҳарактларга дуч келаётганидан хавотир билдирди.
Экспертлар олган маълумотга кўра, фаластинлик аёллар Ғазода оила аъзолари, жумладан, фарзандлари билан бирга асоссиз қатл этилган ҳолатлар бўлган.
“Биз фаластинлик аёллар ва болаларнинг бошпана излаган ёки қочган жойларда қасддан нишонга олиниши ва судсиз ўлдирилиши ҳақидаги хабарлардан ҳайратдамиз. Хабарларга кўра, уларнинг баъзилари Исроил армияси ёки унга тегишли кучлар томонидан ўлдирилганда қўлларида оқ мато бўлаклари бўлган”, — дейди экспертлар.
Мутахассислар 7 октябрдан бери Ғазода юзлаб фаластинлик аёллар ва қизлар, жумладан, ҳуқуқ ҳимоячилари, журналистлар сабабсиз ҳибсга олинганидан жиддий хавотир билдирган. Уларнинг кўпчилиги ғайриинсоний ва қадр-қимматни камситувчи муносабатга дучор бўлган, аёллар гигиеник воситалар, озиқ-овқат ва дори-дармонлар билан таъминланмаган. Камида бир марта Ғазода қўлга олинган фаластинлик аёллар ёмғир ва совуқда, озиқ-овқатсиз қафасда сақланган.
Ҳибсган олинган фаластинлик аёллар ва қизлар Исроил армиясининг эркак зобитлари томонидан ечинтирилиб, текширилган.
“Камида икки фаластинлик маҳбус аёл зўрланган, қолганларига эса зўрлаш ва жинсий зўравонлик билан таҳдид қилинган”, — дейди экспертлар.
Шунингдек, қадр-қимматни камситувчи шароитда маҳбус аёллар суратлари Исроил армияси томонидан интернетда тарқатилган. Мутахассислар Ғазода Исроил армияси билан алоқада бўлган номаълум сондаги фаластинлик аёллар ва болалар, жумладан, қизларнинг бедарак йўқолганидан хавотирда.
“Исроил армияси томонидан Исроилга мажбуран олиб келинган қиз, ота-онасидан ажратилган болалар ҳақида маълумот бор, уларнинг қаердалиги номаълум. Биз Исроил ҳукуматига фаластинлик аёл ва қизларнинг ҳаёти, хавфсизлиги, саломатлиги ва қадр-қимматини ҳимоя қилиш ва ҳеч ким зўравонлик, қийноқлар, шафқатсиз муомала ёки қадр-қимматни камситувчи муомалага, шу жумладан жинсий алоқага дучор этилмаслигини таъминлаш мажбуриятини эслатамиз”, — дейди БМТ мутахассислари.
Улар юқоридаги маълумотларни мустақил, холис, тезкор, ҳар томонлама ва самарали текширишга ҳамда Исроилни бунга ҳамкорлик қилишга чақирди.
“Юқоридаги ҳаракатлар халқаро инсон ҳуқуқлари ва гуманитар ҳуқуқнинг жиддий бузилиши ва Рим статутига биноан жиноий жавобгарликка тортилиши мумкин бўлган халқаро жиноий ҳуқуққа мувофиқ оғир жиноятлардир. Уни содир этганлар жавобгарликка тортилиши керак, жабрланганлар ва уларнинг оилалари тўлиқ адолатга ҳақли”, — дея хулоса қилади экспертлар.
Изоҳ (0)