Туркия Озарбайжон газини Сурияга ўз ҳудудидан транзит орқали етказиб беришни йўлга қўйди. 13 йиллик қонли можаро сабаб вайрон бўлган мамлакат инфратузилмасини тиклашга қаратилган мазкур ташаббус йиллик икки миллиард куб метргача газ етказиб беришни назарда тутади.

Сурияда ҳокимият алмашган ўтган йил декабридан буён Дамашқнинг янги эгалари мамлакатни яна оёққа қўйишга уринмоқда. Бироқ ҳозирча муаммолар кўп: мамлакатнинг қатор ҳудудларида аҳоли кунига 20 соатдан ортиқ электрсиз яшаяпти.
Туркиянинг Сурия билан чегарадош Килис вилоятида ўтказилган маросимда Туркия энергетика вазири Алпарслан Байрактар, Сурия энергетика вазири, Озарбайжон иқтисодиёт вазири ҳамда Қатар тараққиёт жамғармаси раҳбари қатнашди.
Байрактар дастлабки босқичда йилига икки миллиард куб метргача газ экспорт қилиниши мумкинлигини таъкидлади. Дамашқ расмийларига кўра, улар газдан электр энергияси ишлаб чиқаришда фойдаланади.
“Газ тахминан 1 200 мегаватт қувватга эга электр станциясини ишга туширишга ёрдам беради ва бу ўртача беш миллион хонадоннинг эҳтиёжини қондиради”, деди Байрактар.
Унинг сўзларига кўра, табиий газ аввал Ҳалабга, кейин эса Ҳомсга етказилади. Бу эса тез орада у ердаги электр станцияларини ҳам ишга тушириш имконини беради.

Бу Қатар томонидан Сурияда электр генерациясини молиялаштириш йўлида ташланган иккинчи қадамдир. Дастлабки ташаббус жорий йил март ойида амалга оширилган бўлиб, унга биноан Иорданиядан Сурия учун кунлик 400 мегаватт электр сотиб олинган эди.
Изоҳ (0)