Ўзбекистонда камбағал оилалар реестрига киритилган оилаларнинг боғчага бораётган болалари учун 3 ёшга тўлгунга қадар ҳар ой 618 000 сўмгача моддий ёрдам берилади.

Ҳукуматнинг 2 августдан кучга кирган “Камбағал оилалар реестрига киритилган ва расмий банд бўлган ёлғиз ота ва оналарга фарзанди учун мактабгача таълим хизматидан фойдаланишда моддий ёрдам тўлаш тўғрисида”ги қарорида унинг тартиби тасдиқланди.
Камбағал оилалар реестрига киритилган ва расмий банд бўлган ёлғиз она (ота)га ижтимоий шартнома асосида бир нафар фарзанди учун бола 3 ёшга тўлгунига қадар мактабгача таълим хизматидан фойдаланиш учун Ижтимоий ҳимоя давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан БҲМнинг бир ярим бараваригача (618 минг сўм) миқдорида моддий ёрдам берилиши президентнинг “Болаларни ижтимоий ҳимоя қилиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 2024 йил 14 ноябрдаги фармонида белгиланганди. Бунда болалар эгизак бўлса, моддий ёрдам эгизакларнинг ҳар бири учун берилади.
Ҳукумат қарорига кўра, 2025 йил 1 сентябрдан бошлаб Камбағал оилалар реестрига киритилган ёлғиз она (ота)ларга фарзанди учун боғча хизматидан фойдаланишда моддий ёрдам олиш бўйича “Ягона миллий ижтимоий ҳимоя” ахборот тизими ҳамда my.gov.uz портали орқали ариза билан мурожаат қилиш имконияти яратилади. Бунда “Инсон” маркази ёки Давлат хизматлари марказларига шахсан бориб ёки ижтимоий ходим орқали ариза билан мурожаат қилиши ҳам мумкин.
Субсия шаклидаги ушбу моддий ёрдам инсон омилисиз, автоматик ҳисобланиб, тўлаш йўлга қўйилади. Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги 2025 йил 1 сентябргача “Ягона миллий ижтимоий ҳимоя” ахборот тизимида моддий ёрдам олиш учун аризаларни қабул қилиш ва кўриб чиқиш, моддий ёрдам олувчилар реестрини шакллантириш ҳамда уларга моддий ёрдам миқдорини автоматик ҳисоблаш ва тўлаш имкониятини яратиши лозим.
Қуйидаги ҳолларда моддий ёрдамнинг ҳисобланиши ва тўланиши тўхтатилади:
- бола 3 ёшга тўлганда
- оила камбағаллар реестридан чиқарилганда;
- бола доимий яшаш учун Ўзбекистондан ташқарига чиқиб кетганда;
- бола вафот этганда, суд томонидан бедарак йўқолган деб топилганда;
- бола мактабгача таълим ташкилоти тарбияланувчилари йўйхатидан чиқарилганда;
- бола тўлиқ давлат таъминотига ўтказилганда.
Моддий ёрдам маблағлари уларни олувчиларнинг “ижтимоий карта”сига, бундай картаси йўқ бўлса, “Халқ банки”да очилган банк карталарига ўтказилади. Бундан биринчи марта банк карталарини очиш учун моддий маблағларни олувчилардан ҳақ ундирилмайди.
Изоҳ (0)