Таиландда бўлиб ўтган Осиё чемпионатида олтин медални қўлга киритган ўзбекистонлик боксчи Ҳавасбек Асадуллаев қўпол қоидабузарлик учун дисквалификация қилинди. Бу ҳақда Осиё бокс конфедерацияси (АSBC) хабар берди.
71 килограммгача бўлган вазн тоифасида Испаниядаги Бохам турнири ғолиби Ҳавасбек Асадуллаев ва жаҳон чемпионатининг уч карра бронза медали совриндори қозоғистонлик Аблайхон Жусупов финалда тўқнаш келди. Ўзбекистонлик жангчи жанг вақтида рақибининг елкасини тишлаб олди.
Қозоғистон бокс федерациясининг норозилигидан сўнг элит бокс бўйича Осиё чемпионати (АSBC) техник делегати ирландиялик Сади Даффи хоним қоидани қўпол равишда бузгани учун Ҳавасбек Асадуллаевни дисквалификация қилишга қарор қилди.
“Қоидаларга кўра рақибни тишлаш деб таснифланган ушбу қоидабузарлик жанг давомида ҳакам томонидан ўтказиб юборилган, аммо кейинроқ аниқланган. Регламентга кўра, агар боксчи бирор-бир сабабга кўра дисквалификация қилинса, Аблайхон Жусупов автоматик тарзда дисквалификация сабаб жанг ғолиби деб эълон қилинади”, дейилади хабарда.
Турнир якунига кўра Ўзбекистон 8 та олтин, 2 та кумуш ва 1 та бронза медални қўлга киритди. Кейинги ўринларда Қозоғистон (4−6−1) ва Тожикистон (1−1—3). АSBC ҳали янгиланган медаллар рейтингини эълон қилмаган.
Изоҳ (0)