Қаршида жиноят содир бўлди: ўғриликка киришди, ҳеч нарса олишмади, гумонланувчиларни излаётган ИИБ эса кечаси кўчада юрганларни ҳам сўроққа чақириб, ҳеч бўлмаганда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 183- ва 194-моддалари билан айблаб, бирин-кетин қамамоқда. Бу ҳақда “Дарё”га сўроққа чақирилиб, ИИБ ходимига бўйсунмади, майда безорилик содир этди дея навбатчи айбловлар билан 7-10 суткага қамалган фермерлар гапириб берди.
Фермерларнинг маълумот беришича, 2024 йилнинг 25 ноябрь куни туманнинг Чароғил қишлоғидаги хонадонларнинг бирига ўғриликка тушилган. Лекин ҳеч нарса ўғирланмаган. Ўғриликка киргани айтилаётган уч киши хонадоннинг ёши кексаларидан бирига тан-жароҳати етказган. Хонадон эгасининг ёш қизи уйидан яширинча чиқиб, қўшниларига хабар бериши сабаб гумонланувчилар воқеа жойидан қочиб кетган. Вилоят ҳамда туман ИИБларидан иборат махсус гуруҳ ўшандан бери гумонланувчиларни изламоқда. Қишлоқда кечки пайт иш билан кўчага чиққан одам борки, ИИБ ходимлари гумонига сабаб бўлиб, бирин-кетин қамалмоқда.
Қарши туманидаги Чароғил қишлоғида яшайман. Ҳудуддаги “Паризода Рўзиқулова” фермер хўжалигида иш бошқарувчиман. 25 ноябрь куни қишлоғимизда нохуш ҳолат содир бўлди. Аммамнинг ўғли Нурбекникига кимлардир ўғирлик мақсадидами ёки бошқа мақсаддами кирган экан. Эртаси куни бу ҳолатдан хабар топдим. Эрталаб қишлоғимиздаги ҳамма фуқароларни, айнан бизни ҳам чақиришди. Қишлоғимиздаги “участкавой” хонасига борганимда Аброр исмли терговчи мени машинасида туман ИИБга олиб кетди. Туман ИИБ биносида 1,5 соат шунчаки ушлаб туришгач, кейин хонага олиб киришди. Шу куни ярим кечаси 12 дан ўтиб, уйга жавоб беришди. Эртаси куни яна чақиришди. Бу сафар қишлоғимиздаги маданият саройига чақиришди. У ерда яна сўроқ қилишди. Қўлларимиздан “отпечатка” олишди. Кейин туман ИИБ бошлиғи ўринбосари бизга яна туман ИИБ биносига борасизлар деди. Ундан кейин вилоят ҳокими мажлиси бор, ўша ерга кетасизлар деди. Шундан сўнг бизни милиция бўлимига олиб кетишди. Соат тахминан 09:30 ларда етиб бордик, — дейди воқеани гапириб берган фермер Бекзод Фармонов.
Фермернинг айтишича, улар Қарши туман ИИБга олиб борилиб, ичкарига кириш пайтида ҳеч қандай рўйхатдан ўтмаган. Уларни чақирганда ҳам чақирув қоғози жўнатилмай, телефон орқали чақиришган.
У ёққа борганимизда постдаги одамга телефондан хабар қилишиб, бизни регистрация қилиш шартмаслигини айтишди. Мен яқинроқда турганим учун бу гапни эшитдим. Кейин ичкарида яна шунчаки олиб ўтиришди. Ишларимиз қолиб кетаётгани учун навбатчилик қисмига бориб, “Бизларни регистрация ҳам қилмадингиз. Аслида фуқарони неча соатгача ушлаб туришларингиз мумкин”, деб сўрадим. Судда айнан шу гапим учун менга 7 сутка қамоқ жазосини беришди. Қози бувага ҳам шуни айтдим, агар шу саволим айбим бўлса, майли мен айбдорман дедим. Хуллас, навбатчилик қисмига бориб, шу гапни айтганимдан сўнг орадан 1,5 соат вақт ўтиб, бизни учта ҳудуд “участкавойи” битта-битта қилиб, олиб кетди. Судга олиб бориб, учаловимизни ҳам айбдор қилишди ва мен ва ёнимдаги бир фермерга 7 суткадан, яна бир фермерга эса 10 сутка қамоқ жазосини беришди, — дейди фермер.
Яна бир суҳбатдош фермер Жамшид Қиёмовнинг айтишича, у ҳам шу жиноят иши бўйича терговга чақирилган. Ҳуқуқларини талаб қилгач эса профилатика инспекторларига бўйсунмади, майда безорилик қилишда айблашган.
Ўзим фермерман. Қишлоғимизда ўғрилик бўлгач, аввал йўл транспорт ҳодисаси содир этиб судланганим учун мени ҳам чақиришди. Тушунтириш хати олишди. Кейин эртаси куни маданият марказига яна чақиришди. Уч-тўрт марта суҳбат қилдик. У ерда ҳам тушунтириш хатлари ёздим. Ҳамма нарса бўлгандан кейин, яна чақиришиб, кун бўйи олиб ўтиришди. 28 ноябрь куни яна чақириб, туман марказига борасиз дейишди. ИИБга олиб боришгач, бизни регистрация қилишмади. Яна тўрт соат ўтди. Кейин ҳаққимизни талаб қилдик. Қўлда тушунтириш хати ёзсак, компьютерда ёзмасангиз бўлмайди дейишди. Яна “участкавой” хонасига бордик. Якунда эса ИИБ ходимларига бўйсунмади деб айблашди, — дейди Жамшид Қиёмов.
Маълум бўлишича, судда кўрсатма берган профилактика инспекторлари Жамшид Қиёмов уларга бўйсунмаганини айтган.
Бўйсунмади бизларга, гувоҳимиз ҳам бор деб гувоҳини чақиришди. Аслида у гувоҳ кун бўйи Ички ишлар ходимлари билан бирга юрганди. Буни билиш учун камераларни кўрайлик дедим. Судья бу гапимга эътибор ҳам бермади. Шу гувоҳ кўчадан ўтиб кетаётганида участковойнинг хонасида бақир-чақир бўлганини, мен уларга бўйсунмаганимни айтди. Аслида бундай воқеа умуман бўлмаган. Камераларни кўришсин дедим. Лекин судья менга қулоқ солмади, эшитмади ҳам. Шу сабаб судга ҳам ишончим қолмади. Мен норозиман, иккита ички ишлар ходимидан ҳам норозиман, — дейди у.
Анвар исмли фермернинг айтишича, у ҳам терговга чақирилиб, ҳеч қандай муаммо топилмагач, ИИБга хизмат қилиши тахмин қилинган аёлга рўбаро қилинган. Ва аёлга тегажоғлик қилишда айбланиб, 10 суткага қамалган.
Барча тушунтириш хатларини ёзиб бўлганимдан кейин “участкавой” билан бирга кетаётган эдик. Шунда “участкавой” мен шошяпман, машинамни ювишим керак дея машинаси тоза бўлса-да мени ўша ерда тушириб кетди. Кўп ўтмай бир аёл менга келиб урилиб, бақир-чақир қилиб, шантаж қила бошлади. Мени ташлаган участкавой тезда етиб келиб, шу ишни сўроқ қилишини айтиб, ҳужжатларни тайёрлаб, судга олиб боришди. Ва 7 суткага қамашди, — дейди у.
Бекзод Фармоновнинг айтишича, унинг айбсиз қамалиб чиққани оиласига, айнан фарзандларига ёмон таъсир қилган.
Менинг рўзғорим жуда таҳликали бўлиб қолган. Бегона номердан телефон келса, жавоб беришолмайди. Қўрқиб қолишган. Мен бир ҳафта ноқонуний қамалганимдан қийналмадим, лекин онам тунни қандай ўтказганини, фарзандларим қийналганини кўриб, азобландим. Ўша куни судда судья ҳам бизни эшитмади. Шу сабаб бугун видеочиқиш қилиб, яна беайб кимларнингдир рўзғорида, онаси ёки фарзанди азият чекмасин деяпман, — дейди Бекзод Фармонов.
“Дарё” журналисти билан 2024 йилнинг 2 декабрь куни суҳбатлашган вилоят ИИБ ахборот хизмати раҳбари Ирода Расулова Чароғил қишлоғида 25 ноябрда жиноят содир этилганини тасдиқлади. Бироқ бундан ортиқ маълумот беролмаслигини, қўшимча ахборот тергов ишига халал бериши мумкинлигини билдирди. Жиноят иши очилгач, бу ҳақда оммага, айнан “Дарё” таҳририятига батафсил ахборот беришини ҳам айтди. 13 декабрь куни вилоят ИИБга қилинган бу ҳақдаги сўров жавобсиз қолди.
Мақола эълон қилинаётган пайтда “Дарё” мухбири билан боғланган фермерлар қишлоқда содир этилган жиноят ҳамон очилмаганини, энди қишлоқдаги кекса ёшли кампирлар ҳам сўроққа чақирилаётганини, аҳоли бундан безовта бўлаётганини қўшимча қилди.
Изоҳ (0)