Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институти мутахассислари 2024 йилнинг ноябрь ойида иккиламчи бозордаги автомобиль ўртача нархларини таҳлил қилди.
Таҳлилларга кўра, мазкур даврда ўртача фойдаланилган маҳаллий оммабоп автомобиллар ҳамда хорижий люкс автомобилллар ўртача нархлари пасайган бўлса, маҳаллий люкс ва электромобиллар нархларида сезиларли ўзгариш кузатилмади.
Маҳаллий оммабоп автомобиллар нархлари
2024 йилнинг ноябрида иккиламчи бозорда октябрь ойига нисбатан:
- Onix: ўртача фойдаланилган 4,8 фоизга (14 600 доллардан 13 900 долларга), кам фойдаланилгани 5,4 фоизга (14 900 доллардан 14 100 долларга);
- Lacetti: ўртача фойдаланилган 1,4 фоизга (14 700 доллардан 14 500 долларга), кам фойдаланилган — 1,1 фоизга (15 200 доллардан 15 031 долларга);
- Nexia: ўртача фойдаланилган 0,9 фоизга (11 500 доллардан 11 400 долларга);
- Spark: ўртача фойдаланилган 0,8 фоизга (10 485 доллардан 10 400 долларга);
- Labo: ўртача фойдаланилган — 2,4 фоизга (8 300 доллардан 8 100 долларга);
- Damas: ўртача фойдаланилган 0,9 фоизга (8 200 доллардан 8 125 доллар га), кўп фойдаланилган 1 фоизга (7 600 доллардан 7 527 долларга) арзонлаган.
Маҳаллий люкс автомобиллар нархлари
Мазкур даврда кам ва ўртача фойдаланилган Malibu автомобилининг ўртача нархлари мос равишда 3,0 фоиз (30 100 доллардан 31 000 долларга) ва 1,7 фоизга (29 000 доллардан 29 500 долларга) ошган бўлса, кўп фойдаланилган Equinox ўртача нархи 1,9 фоизга (27 000 доллардан 26 500 долларга) тушди. Шунингдек, Tracker нархларида ўзгариш кузатилмади.
Электромобиль нархлари
Ноябрь ойида ўртача фойдаланилган BYD Han ва BYD Yuan Up электромобиллар ўртача нархлари мос равишда 1,6 фоиз (36 500 доллардан 35 900 долларга) ва 2,4 фоизга (21 000 доллардан 20 500 долларга) пасайган бўлса, янги BYD E2 электромобили 3,1фоизга (16 700 доллардан 17 216 долларга) қимматлашди. BYD Song Plus EV Chempion’нинг нархи деярли ўзгармади (янги — 29 000 доллар, ўртача фойдаланилган — 26 600 доллар).
Хорижий люкс автомобилла нархлари
Hyundai Elantra ва Kia Sportage русумли кам фойдаланилган автомобиллар ўртача нархлари мос равишда 2,2 фоиз (23 000 доллардан 22 500 долларга) ва 1,5 фоизга (32 500 доллардан 32 000 долларга), ўртача фойдаланилгани эса 1,6 фоизга (Elantra — 22 000 доллардан 21 650 долларга ва Kia Sportage — 31 500 доллардан 31 000 долларга) пасайди. Шунингдек, кўп фойдаланилган Kia К5 ва Kia Sportage автомобиллар ҳам мос равишда 1,2 фоиз (26 300 доллардан 25 990 долларга) ва 3,4 фоиз га (31 000 доллардан 29 950 долларга) арзонлашган бўлса, Hyundai Tucson (кўп фойдаланилган — 25 000 доллар, кам фойдаланилган — 33 000 доллар), Hyundai Santa FЕ (кўп фойдаланилган — 35 000 доллар, кам фойдаланилган — 45 900 доллар) русумли автомобиллар нархида сезиларли ўзгариш кузатилмади.
Автомобильлар босиб ўтган масофаси ҳамда ишлаб чиқарилган йилига кўра қуйидаги гуруҳларга ажратиб олинди:
2023—2024 йилларда ишлаб чиқарилган ҳамда босиб ўтган масофаси 20 000 километргача бўлган автомобиллар — “кам фойдаланилган”;
2023—2024 йилларда ишлаб чиқарилган ҳамда босиб ўтган масофаси 20 000 километрдан 50 000 километргача бўлган автомобиллар, шунингдек, 2021—2022 йилларда ишлаб чиқарилган ҳамда босиб ўтган масофаси 40 000 километргача бўлган автомобиллар — “ўртача фойдаланилган”;
2023—2024 йилларда ишлаб чиқарилган ва босиб ўтган масофаси 50 000 километрдан кўп бўлган автомобиллар, 2021—2022 йилларда ишлаб чиқарилган ҳамда 40 000 километрдан ортиқ масофани босиб ўтган автомобиллар ҳамда 2020 йилда ишлаб чиқарилган барча автомобиллар — “кўп фойдаланилган”.
Таҳлилда келтирилишича, автомобиль нархларини таҳлил қилишда маълумотлар olx.uz платформасидан веб скрепинг орқали тўпланди. Бунда, 2020—2024 йилларда ишлаб чиқарилган автомобиллар учун таклиф этилаётган нархлар саралаб олингандан сўнг, октябрь ойи учун 16,0 мингта, ноябрь ойи учун 17,3 мингта маълумотлар асосида таклиф этилган нархлар таҳлил қилинди.
2024 йилнинг сентябрь ойида ўртача ва кўп фойдаланилган оммабоп автомобиллар нархлари сезиларли даражада пасайганди. Октябрь ойида иккиламчи автомобиль бозорида Lacetti, Damas, Labo нархлари пасайишда давом этганди. Spark’нинг ўртача нархи бир оз кўтарилган бўлса, Cobalt ва Nexia нархларида деярли ўзгариш кузатилмади.
Изоҳ (0)