Олий Мажлис депутатлари 4 февраль куни аҳоли ўртасида йод етишмаслиги касалликларининг олдини олиш тизимини такомиллаштирилишга қаратилган қонун лойиҳасини иккинчи ўқишда қабул қилди.
Ушбу қонун лойиҳаси билан Соғлиқни сақлаш вазирлигига ош тузини ва озиқ-овқат маҳсулотларини йодлаш учун фойдаланиладиган таркибида йод бўлган препаратларни, уларга қўйиладиган талабларни, ош тузини ва озиқ-овқат маҳсулотларини йодлашга, йодланган тузни ишлаб чиқаришга, ташишга, сақлашга ва реализация қилишга қўйиладиган санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативларини белгилаш ҳамда унинг назоратини олиб бориш ваколатлари белгиланмоқда.
Депутатларнинг таъкидлашича, мазкур қонун лойиҳасининг қабул қилиниши аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш, йод етишмаслиги касалликларини профилактика қилиш, ўсиб келаётган авлоднинг интеллектуал салоҳиятини оширишга хизмат қилади. Аҳолининг эҳтиёжи учун зарур бўлган сифатли ва хавфсиз бўлган ош тузи билан таъминоти тўлиқ қопланади.
Аҳоли ўртасида йод етишмаслиги касалликларининг олдини олиш тизимини такомиллаштиришга қаратилган қонун лойиҳаси 24 январь куни биринчи ўқишда концептуал жиҳатдан кўриб чиқилганди.
Йод микроэлементи инсон организми ва саломатлиги учун энг муҳим моддалардан бири ҳисобланади. Йод танқислиги эса қалқонсимон без ва овқат ҳазм қилиш органлари фаолияти билан боғлиқ турли жиддий касалликларни келтириб чиқаради.
Изоҳ (0)