Исроил мудофаа вазири Исроил Кац Ғазо секторининг жанубий қисмидаги Рафаҳ харобалари ўрнида 60 кун ичида 600 минг фаластинликни жойлаштириш учун “инсонпарварлик шаҳри” барпо этишни буюрди. Бу ҳақда Der Spiegel журнали хабар бермоқда.

Кацнинг айтишича, лойиҳанинг мақсади кетма-кет иккинчи йил инсоний фалокатга юз тутаётган тинч аҳолига ҲАМАС радикал ҳаракатининг таъсирини камайтириш. Унинг режасига кўра, лагер бошқаруви номи айтилмаган “халқаро ҳамкорлар”га топширилиши керак. Шу билан бирга, Исроил ҳарбий кучлари периметр бўйлаб хавфсизликни назорат қилишда давом этади.
Лагерга кирадиган ҳар бир шахс ҲАМАС жангариларининг йўқлигини таъминлаш учун “ишончлилик” текширувидан ўтказилади.

“Муҳим жиҳати шундаки, лагердагилар уни тарк эта олмайдилар”, деб таъкидлади вазир.
Исроиллик инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Майкл Сфард The Guardian нашрида берган интервьюсида лойиҳани “инсониятга қарши жиноят” деб баҳолаган.
Ғазо секторида ҳозирда 2 миллиондан ортиқ киши яшайди. Уларнинг аксарияти 2023 йил 7 октябрда Исроил ҳудудига қилинган ҳужумдан сўнг бошланган Исроилнинг ҲАМАСга қарши давом этаётган уруши оқибатида уй-жойларидан айрилган.

18 май куни Исроил армияси “Гидеон аравалари” номли кенг кўламли қуруқлик операцияси доирасида анклавнинг шимолий ва жанубий ҳудудларида жанговар ҳаракатлар бошланганини эълон қилди. Унда бешта дивизия иштирок этмоқда.
Май ойи бошида Исроил Ғазо сектори аҳолисини минтақа ташқарисига чиқариш мақсадида “Гидеон аравалари” махсус операция ўтказиши ма`лум қилинганди. Операция доирасида анклав жанубида ягона гуманитар ҳудуд ташкил этилиши режалаштирилган бўлиб, у ерда 2 миллионга яқин тинч аҳоли жойлаштирилиши кўзда тутилган.
Изоҳ (0)