Тошкент вилоятида 3 миллион доллар кредит олиб беришни айтиб фирибгарлик қилган икки киши ушланди. Бу ҳақда ДХХ матбуот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, Тошкент шаҳрида савдо фаолияти билан шуғулланувчи МЧЖ раҳбари, 1979 йилда туғилган, муқаддам судланган аёл Тошкент вилояти Қибрай туманида яшовчи фуқаронинг ишончига кириб, мансабдор танишлари орқали акциядорлик тижорат банклардан биридан 3 миллион АҚШ доллари миқдорида мақсадсиз кредит олиб беришни ваъда қилган ва эвазига кредитнинг 33 фоизини, яъни 990 минг АҚШ долларини талаб қилган.
ДХХнинг Тошкент вилояти бўйича бошқармаси ҳамда Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда мазкур шахс олдиндан 150 минг долларни олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Тезкор тадбир давомида, фуқарога гўёки ўзини банк ходими сифатида таништириб, унга кредит маблағини ажратиб беришни ваъда қилган мазкур ноқонуний келишувнинг бош ташкилотчиси — Урганч шаҳрида яшовчи, 1983 йилда туғилган шахс ҳам процессуал тартибда ушланган.
Мазкур шахсларга нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисми “а” банди (жуда кўп миқдорда фирибгарлик) ва 28,211-моддаси 3-қисми “а” банди (жуда кўп миқдорда пора бериш) билан жиноят иши қўзғатилиб, қамоқ эҳтиёт чораси қўлланган.
Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Жиноят кодексига кўра, жуда кўп миқдорда фирибгарлик БҲМнинг 400 бараваридан 600 бараваригача миқдорда жарима ёки 8 йилдан 10 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади. Жуда кўп миқдорда пора бериш эса 10 йилдан 15 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Изоҳ (0)