Ироқда тиланчилик қилаётганлар ўз фаолиятини бутунлай тўхтаца, ҳар ой молиявий ёрдам олади. Бу ҳақда мамлакатнинг Меҳнат ва ижтимоий масалалар вазирлигига таяниб Gulf News хабар берди.

Ташаббус Ироқ шаҳарларида кенг тарқалган қашшоқликка қарши кураш доирасида амалга оширилмоқда. Тиланчиларга қарши рейдлар давомида ушланганлар ижтимоий ҳолати асосида баҳоланади. Агар улар ёрдам олиш учун мос деб топилса, тиланчиликка қайтмаслик ҳақида ёзма мажбурият имзолаганидан сўнг уларга ойлик стипендия белгиланади.
Мезонларга жавоб берадиганлар меҳрибонлик уйларига жойлаштирилади ва яшаш шароитлари синчковлик билан баҳоланганидан сўнг ижтимоий нафақа тўловлари билан таъминланади, деди вазирликнинг ОАВ ва халқаро алоқалар бўлими директори Казем Ал Атвани.
Ташаббус доирасида аҳолига уюшган ва кўча тиланчилиги билан боғлиқ хавф-хатарлар ҳақида тушунтириш ишлари олиб борилади. Ёрдам дастурлари бошпанасиз болалар, одам савдосидан жабрланганлар ва кўчирилган шахсларни ҳам қамраб олади.
Бироқ бу сиёсат муаммолардан холи эмас. Аввалги сўровномалар шуни кўрсатдики, кўплаб тиланчилар расмий ёрдамдан кўра кўчада кўпроқ даромад топаётгани учун дастурда қатнашишни истамаяпти. Баъзилар ойлик стипендиядан ўн баравар кўп даромад олаётганини айтган.
Ироқ ҳукумати мамлакат бўйлаб тиланчилик фаолиятини тугатишни режалаштирган. Ироқдаги Инсон ҳуқуқлари стратегик маркази берган баҳога кўра, ҳозирда мамлакат бўйлаб 500 мингдан ортиқ фуқаро — асосан аёллар ва болалар — тиланчилик билан шуғулланмоқда.
Бағдод эса бу инқирознинг марказида қолмоқда. Одамлар бозорларда, чорраҳаларда ва жамоат жойларида саф тортиб тиланчилик қилмоқда. Хавфсизлик хизматларининг мунтазам рейдлари ва ҳибсга олишларига қарамай, бу ҳолат давом этмоқда ва кенгаймоқда.
Мутахассисларнинг фикрича, бу вазиятга иқтисодий инқироз, юқори ишсизлик ва чуқур илдиз отган қашшоқлик сабаб бўлмоқда. Бундан ташқари, таълим тизимининг заифлиги ва саводсизлик даражасининг ошиб бораётгани одамларни норасмий ёки ноқонуний даромад манбаларига таянишга мажбур қилмоқда.
Изоҳ (0)