“Барселона” жорий ёзги трансфер ойнасида юқори савиядаги ҳужумчи харид қилишни мақсад қилган. Каталонияликлар асосий эътиборни “Ливерпуль” вингери Луис Диасга қаратмоқда. Бу ҳақда Sport.es нашри хабар берди.

Клуб илгари “Атлетик Бильбао” футболчиси Нико Уильямсни харид қилишга ҳаракат қилган, бироқ бу трансфер амалга ошмаган. Эндиликда асосий диққат Луис Диасда, аммо колумбиялик футболчининг трансфер нархи юқорилиги сабабли, клуб муқобил вариантларни ҳам кўриб чиқмоқда.
Манбага кўра, “Барселона” Луис Диас трансфери амалга ошмай қолса, “Аталанта” ҳужумчиси Адемола Луқмон билан шартнома имзолашни кўзламоқда. Клуб унинг ҳужумдаги бир нечта позицияда самарали ҳаракат қила олишини ижобий баҳоламоқда. Бергамоликлар нигериялик футболчини 50 миллион евро атрофидаги сумма эвазига қўйиб юборишга тайёр. Transfermarkt портали эса футболчининг қийматини 60 миллион еврога баҳолаган.

Шунга қарамай, бу трансферга тўсқинлик қилиши мумкин бўлган муҳим омил мавжуд: Луқмоннинг агенти “Барселона” дарвозабони Марк-Андре тер Штегеннинг ҳам вакили ҳисобланади. Айни пайтда клуб билан немис посбони ўртасидаги муносабатлар кескинлашган. Агар Тер Штеген жамоани тарк этса, Луқмоннинг трансфери ҳам хавф остида қолиши мумкин.
2023/24 йилги мавсумда 27 ёшли Луқмон барча мусобақалар доирасида 40 та ўйинда майдонга тушиб, 20 та гол ва 7 та голли узатмага муаллифлик қилган. Унинг “Аталанта” билан амалдаги шартномаси 2027 йил ёзигача мўлжалланган.
Изоҳ (0)