23 июндан 2 июлгача бўлган даврда Европани қамраб олган кучли иссиқлик тўлқини туфайли минтақанинг 12 шаҳрида тахминан 2,3 минг аҳоли вафот этган бўлиши мумкин. Бу ҳақда Лондон Империал коллежи ҳамда Лондон гигиена ва тропик тиббиёт мактаби олимлари томонидан ўтказилган тезкор тадқиқот натижаларида маълум қилинган.

Тадқиқот 10 кун давом этган бўлиб, бу вақт мобайнида Ғарбий Европанинг катта қисми ҳаддан ташқари иссиқликдан азият чеккан. Ушбу даврда Испанияда ҳарорат Цельсий бўйича 40 даражадан ошиб кетган, Францияда эса ўрмон ёнғинлари юз берган.
Тадқиқот натижаларига кўра, ушбу даврда вафот этган тахминан 2 300 кишининг 1 500 нафари иссиқликни кучайтирган иқлим ўзгариши билан боғлиқ.
“Иқлим ўзгариши об-ҳавони одатдагидан анча иссиқроқ қилди, бу эса ўз навбатида уни анча хавфлироқ қилади”, деди Лондон Империал коллежи тадқиқотчиси доктор Бен Кларк.
Тадқиқот 12 та шаҳарни, жумладан Барселона, Мадрид, Лондон ва Миланни қамраб олган. Олимларнинг айтишича, бу шаҳарларда иқлим ўзгариши иссиқ тўлқин пайтида ҳароратни Цельсий бўйича 4 даражага оширган.

Ҳалок бўлганлар сонини баҳолаш учун олимлар иссиқлик асосий сабаб бўлган ўлимларни, шунингдек, иссиқлик таъсири мавжуд касалликларни оғирлаштирган ҳолатларни акс эттирувчи тасдиқланган эпидемиологик моделлар ва тарихий ўлим маълумотларидан фойдаланишган.
Таъкидланишича, улар ўлимларнинг тахминий сонини тезда аниқлаш учун peer-review қилинган усуллардан фойдаланганлар, чунки иссиқлик билан боғлиқ ўлимларнинг аксарияти расмий равишда қайд этилмайди ва баъзи ҳукуматлар бу маълумотларни ошкор қилмайди.
Қайд этилишича, Ғарбий Европа бутун кузатувлар тарихидаги энг иссиқ июнни бошдан кечирган, минтақанинг катта қисми “жуда кучли иссиқлик стрессига” дучор бўлган.
Изоҳ (0)