Ўзбекистонда академик лицейлар кириш тест синовлари 24-25 июль кунлари ўтказилади. Бу ҳақда Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги хабар берди.

Ма`лум қилинишича, кириш тест синовлари 2025 йил 24 июль куни республикамизнинг барча ҳудудида, 25 июль куни Тошкент шаҳрида Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги томонидан махсус белгиланган ҳудудларда икки сменада ўтказилади.
Тест синовлари кунига 2 сменада ташкил этилади.
- 1-смена соат 09:00 да,
- 2-смена соат 15:00 да бошланади.
Абитуриентлардан тест синовлари бошланишидан камида бир ярим соат олдин белгиланган ҳудудга етиб шахсини тасдиқловчи ҳужжат ва тест синовида иштирок этиш учун рухсатнома билан келишлари талаб этилади.
Тест синовлари таълим йўналишига мос 2 та фан ва интеллектуал қобилият даражаси (IQ)ни аниқлаш бўйича ўтказилади.
Бунда талабгорларга ҳар бир фандан 20 тадан жами 60 та тест топшириғи ва уларни бажариш учун жавоблар варақасини тўлдириш билан бирга 1 соат-у 50 дақиқа вақт ажратилади.
Тест синовларида тўплаш мумкин бўлган максимал балл – 146 балл бўлиб, таълим йўналишига мос фанлар бўйича ҳар бир тўғри жавоб учун 3,1 баллдан (жами 124 балл), интеллектуал қобилият даражаси (IQ) ни аниқлаш бўйича эса 1,1 баллдан (жами 22 балл) берилади.
Талабгорлар тест синовида иштирок этиш учун рухсатномани my.edu.uz платформасида шахсий кабинетга логин ва парол билан кирган ҳолда ва академик лицейлардан олишлари мумкин бўлади.
Изоҳ (0)