Бу инсонни 11 йилдан бери биламан. Домла, деб танидим ва умрим охиригача шундай қолса керак. Мактабида бор-йўғи бир ярим йилча ўқидим. Лекин абадиятга татигулик сабоқни — фақат ўзимга ишониш, фикрлаш, кўнгилни илмгагина очиш кабиларни хўброқ ўргандим.
2010—2011 йиллари инглиз тилини демаса, тарих, она тили ва адабиёт, табиий фанлар бўйича репетиторлик энди-энди русумга кираётган, аммо ўшандаям кўпчилик пана-пастқамда ўз-ўзича тайёрланиб, имтиҳондан йиқилиб, яна қайта ҳозирлик кўриб юраверарди. Бугунгидек алоҳида репетитор мактаби, қўшқават иморатларда йиғилиб дарслик титкилаш, ўқитувчи танлаш деган гаплар йўқ эди. Мактабдаги ойлигига қўшимча бўлсин деб, илмли муаллимлар уйида, каттароқ ҳовлиларда ўн-ўн беш чоғли болани йиғиб, ўқитиб, университетларга учирма қиларди. Ўша йиллардаги имтиҳон саволлари анча-мунча тажрибали, манаман деганиниям довдиратиб қўяр, бошқотирмага ўхшаб тузиларди. Абитуриент эса ўндан ортиқ мактаб дарслиги, қўшимчасига лицей ва коллеж ўқувчиларига мўлжалланган китобларни ўқиб чиқиши шарт эди. Ўқимаса, имтиҳондан ўтолмасди. Бир йили куярди-кетарди.
Мансуржон Султонов — 1984 йил Фарғона вилояти Риштон туманида туғилган. Тарих фани ўқитувчиси. Тумандаги «Ар-Рошидоний» ўқув маркази асосчиси. Репетиторлик билан 20 йилдан бери шуғулланади. Тўрт фарзанднинг отаси.
«Сизлар билмайсиз-да, – дерди домла тез-тез, – ишимни илк бошлаган 2000—2001 йиллари репетиторга «қароқчи»дек қарашарди. Мактабдаги асосий ишимдан ташқари, ўқувчилардан ташаббус чиққач, қўшимча машғулот ҳам ташкиллаштиргандим. Дарсларни тўлиқ бепул ўтиб, қўли қисқа, лекин ўқийман деб кўзлари ёниб турган болаларни атрофимга йиғардим.2012 йилдаги имтиҳон олдингиларидан қийинроқ, саволлари мураккаб, чигаллиги кўп деган хабар келди. Тарихдан 20 та дарслик, вариант, қўшимча манбалар, ўтган йиллар чиққан қўлланмалар — ҳаммасини 7-8 ой ичи камида беш марта ўқиб чиқиш шарт деб белгилади домла. Кун тартибимизни ҳам ўзгартириб, дарсларни икки сменага: эрталаб соат 5:00 дан 8:00 гача, кечқурун 18:00 дан 20:00 гача бўлди. Қолган фанларни оралиқдаги соатларда ўзлаштирардик. Уйқуга беш, овқатланиш ва бошқа юмушларга бир-икки соатгина вақтимиз қоларди. Домла айтгандек қатъий тартиб, қаттиқ режим билан ҳамма манба (тахминан, 40 тача китоб)ни йил охиригача 8 марта ўқиб тугатдик. Ўзимиз ҳам ҳайратдамиз: наҳот саккиз марталаб бир китобни қайта-қайта ўқидик...Пули борнинг боласи осонгина кириб кетаверарди ўшандаям. Камбағалники қийналишига тўғри келарди. Хайрли ишимни нотўғри тушуниб, баъзи ўқитувчилар синф хоналарини бермас, қулфлаб қўяр, ё очиқчасига, ўқувчиларни чалғитяпсан, мактабдаги фан ўқитувчиларининг обрўсини туширяпсан деб тўсқинлик ҳам қилишарди. Билмайсизлар-да, қанча гап-сўз, олақарашлар орасидан ўтиб келганимни...
Биринчи дарсда, мавзуга алоқадор харитани тополмай, роса қийналгандим. Бори жуда эски, ё ишлатиб бўлмайдиган аҳволда эди. Ўқувчилар мўлтираб қарайди, сен бўлса, атрофдан аланглаб, нажот излайсан. Охири, доскага харита чизиб, мавзуни тушунтирдим. Кейин оддий варақларга қитъалар, давлатларнинг географик жойлашувини чизишга одатландим. Ўйласам, ўшанда шароит, муҳит, ён-верингдагилар гапига аҳамият беришга вақт, хоҳиш ва асаб бўлмаган экан. Ҳаммасини кулиб енгиб кетаверибмиз».
«Талабчанлик жараёнда шаклланади, — дейди домла. Ўқувчи тез фикрласа, кўпроқ маълумотни эслаб қолади, вазифани аниқ, пухта бажаришни ўрганади. Менам дабдурустдан талабчан, қаттиққўл ё тизимли ишлайдиган ўқитувчи бўлмаганман. Кўпини йиллар бўйи устозларим Раимжон Дадажонов, Собирхўжа Сулаймоновлардан ўрганман. Бугун уларга қанча раҳмат айтсам, барибир, кам».Домлани ўзаро «Темир одам» дердик. У кишининг кун тартибига, билмадим, чидаш қийинроқ. Саҳар мардонлаб 5:00 дан (қишда сал кечроқ, 6-7 лардан) бошланган кун кечаси ўн-ўн биргача чўзилар, кун давомида юздан ортиқ ўқувчи билан ишлаб, камига кечалари тест саволлари тайёрлаб, ички имтиҳонларга варақалар чиқариб, тунни тонгга улайдиган домла қачон ухларкин, дердик.
Тарих фани курсига ёзиладиганларнинг ҳаммасиям йил охиригача қолиши даргумон эди. Қирқтача китоб ўқиш, қаттиқ-қуруқ гапларга чидашга ҳамманиям сабри етмасди. «Бизлар фронтдаги аскарлармиз. Йўқ, жангнинг олд сафидаги пиёдалармиз» дердик кулишиб.
«Жон соғ бўлса, барини кўравераркансан. Кимларгадир эргашиб ёки ота-онаси, яқинларининг қистови билан дарсимга келадиганлар бор. Аслида, аксарининг кўнглидаги мақсади умуман бошқа, лекин ота-онаси ўғлининг ҳарбий, дипломат, юрист бўлиши, вазирлик идораларда ишлашини орзу қилиб, боласини мажбурлаб олиб келади. Бир-икки оғиз гаплашибоқ, боланинг кўзидан тарихга эмас, бошқа соҳага қизиқиш борлигини биламан. ‘Болангизни ҳам, ўзингизни ҳам қийнаманг. Аввал ўзига қўйиб беринг. Дардини эшитинг. Орзусидаги жойга киролмаса, ана ундан кейин мажбурланг’, дейман. Ота-она истагини деб бир қоракўз келажакда афсусланмасин, мендан ўпкаланмасин», — дея келажак қуръасини фақат ўзимиз ташлашимиз кераклигини уқтирарди.Лицейимизда (Риштон туманидаги академик лицей. Ҳозир ёпилиб кетган) домлани хушламайдиганлар бўларди. Шунча ўқувчи (тайёр капитал)ни олиб қўяётган, камига ўзларидан баландроқ турадиган рақиб-репетитор кимга ҳам ёқарди! Бир куни қулоғимга: «Ие, билмасмидингиз. Болаларни дипломсиз ўқитиб юрибди-ку!» деган ғийбатнамо гап чалинди. Ўшанда шу гапни тарқатиб, ўқувчилар фикрини айнитишга уста ғийбатчи устозга боплаб жавоб қайтаргим келди-ю, индамадим. Вақт — ҳакам. Кейинчалик билсам, домла, университетга кирган, лекин оилавий шароит, йўқотиш-у қийинчиликлар сабаб ўқишни ташлаб кетган экан. Ўшанда билим, муваффақият, устозлик мақомида диплом мезон бўлолмаслигини тушунгандим. Университет чинакам мактаб, лекин ундан кейинги реаллик, сермашаққат йўл, йўқчилик ва мағлубият ҳақиқий дарсхона. Ўзингга ишонсанг — ютасан, диплом ортидан қувсанг — йўл бошидаёқ тўхтайсан.
«Университетни битириб, ёнимга иш сўраб келадиганлар бор. Жуда кўпи на фанни билади, на методика ва на психологияни. Демак, тўрт йил фақат диплом учун вақтини ўтказган. Менимча, соҳангнинг зўри бўлмоқчимисан – ўқи! Олий маълумотлимисан, ниманидир эплашинг шарт. Соҳанг бўйича ҳеч вақони билмаслигингни тасдиқлайдиган дипломдан нима наф? Ким ютқизади шунда — сенми ёки шартномангга фалон-фалон пул сарфлаб, сочлари муҳожирликда оқараётган ота-онанг?».Дангаса абитуриентларни «уйғотиш», ўқишга қизиқтириш, ҳалол рақобатни рағбатлантириш учун домла қизиқ метод топганди. Ҳар якшанбада учта фандан имтиҳон олди тести ўтказиб, ким юқори балл тўплаб, биринчиликни олса, 10 минг сўм мукофот пули топшириларди. Тантанавор қилиб, алоҳида ҳурмат билан. 2011 йиллардаги сарф-харажатни ҳисобга олсак, чўнтагида 500 сўмгина юрадиган абитуриент учун бу катта сумма эди. Узоқдан қатнаб ёки ижара уйда ўқийдиган ўғил-қизнинг қарийб бир ҳафталик йўл пулига етарди. Ночор оила фарзандларига билинтирмай ёрдам кўрсатилар, мабодо, бир оиладан икки киши ўқиётганини билса, тўловлар автоматик камаярди. Буни ҳаммаям билмасди.
Домла репетиторликка бизнес, даромад манбайи деб қараганини сезмаган эканман. Ҳар куни бир хил кийим ва велосипедда келишини кўриб, ҳеч биримиз бундай хаёлга бормасдикам. Мабодо, бирор ой тўловга қурбингиз етмаётганини кўрса, индамасди.
«Агар болани ўқитишни бизнесга айлантирсам, ўзимни ҳечам кечиролмасдим. Жадидлар нима учун жонини тиғга тутган дейсиз? Билим, маърифат учун-ку! Менам ўшалардан ўрнак олгим келади. Халқ фарзандларини хорижда дунё илм-фанини эгаллаши учун бор-будини аямаган улар. Репетиторликни маърифат йўли, деб биламан. Мактабдаги бўшлиқни (майли, ёдлатиш усулида бўлса ҳам) айнан репетиторлар тўлдириб беряпти. Атрофимда муҳтож оила фарзандларини қўллаб-қувватлаётган, ўқитгани учун ҳақ ҳам сўрамаётган, ўрни келса, шартнома пулини тўлаб бераётган ҳамкасбларимни биламан. Уларни, рости, жадидларга қиёслайман. Бор бўлишсин».2012 йили домланинг юзга яқин абитуриенти қатори талаба бўлдим. Ўтган бир йилим мевасини берди — грантда ўқидим. Орамиздан Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатияси, Ислом академияси, Ички ишлар академияси, Жаҳон тиллари, Педагогика, Шарқшунослик, Юридик, Миллий университетларига кирганлар бор эди. Қолгани бошқа университет, институтларга сочилиб кетди. Ўша йилги натижа аввалгиларидан яхшироқ чиқдими ёки домланинг меҳнати юзага қалқдими, келаси йилдан абитуриент сони икки карра ошганини эшитдим. Йиллар ўтгани сари талабгорлар ортаётганини ҳалиям билиб, кузатиб турибман.
«Репетиторларга осон эмас. Сал ўзингни эркин сезиб, болаларни ҳам бўшроқ қўйсанг, бўлди, бир йилни йўқотасан. Мана, бу йилги кириш имтиҳонларида 36 % абитуриент энг паст балл 56,7 ни йиға олмаган. Бу ўша абитуриентнинг умумтаълим, ҳеч бўлмаса, ўзига керак фанларни деярли билмаслиги ёки ўртамиёна репетиторни танлаганидан далолат. Энди шу кўрсаткични, 160—180, ҳатто, бунданам юқори балл йиғганлар билан таққосланг. Улар фанларни чуқур ўзлаштирганки, натижасини ҳамма рўй-рост кўряпти. Репетиторнинг меҳнати катта бунда.Балки, бўрттираётгандирман, лекин домла сабаб Риштон туманида репетиторлик мактаби шаклланди. Одамларнинг фикри ўзгарди. Боласи мактаб таълими билан ўқишга киролмаслигини тушунганлар ортди. Ҳатто Қорақалпоғистондан келадиганлар бор. Табиий, аниқ, ижтимоий-гуманитар фанларнинг тайёрлов мактаблари очилди. Қизини олий маълумотли бўлишини хоҳлайдиганлар туманда саноқсиз. Дунёга бошқача қараш шаклланди. Домладан олий таълим тизимига ишга чақиришса, борармидингиз, деб сўрагандик бир гал: «Йўқ, кетмасдим. Унинг масъулияти, талаблари бошқа. Тайёр эмасман, менимча. Чунки тасаввуримдаги университет устози фалон-фалон унвон, даражалардан баланд туради. Менда ундай даража йўқ. Насиб бўлса, илмий иш қилиш режам бор. Ўқитувчиликдан бошқа соҳа менга қўшимча машғулотдек туюлади», — деганди.Лекин охирги пайтлари фанни тўлиқ билмай ёки университетнинг битирувчи курсида ўқиётиб, репетиторлик билан шуғулланаётганлар касрига йилларини йўқотаётган болалар қолаётгани ёмон. Улар икки-уч йилдан кейин тажриба ва малака етишмаслигидан соҳадан кетади. Жабрини ортда қолганлар тотади», — дейди домла.
Ҳозир ўйлайман, одам йўл бошига етганда унга тўғри йўл қайдалигини ва ундан фақат ўзи юра олиши мумкинлигини кўрсатадиган йўловчилар керак экан. 16-17 ёшимизда — ҳали ҳақиқий ҳаётдан бехабар, ўсмирлик «ташвиш»лари билан андармон ўғил-қиз учун домладек маслаҳатгўй устоз зарур бўлган экан. Гоҳи ота-онаси тингламаса, эшитишга вақт тополмаса, кўнглидагини домлага айтадиган йигитлар бўларди гуруҳимизда.
Мана, бугун орзуларига эришган, мақсадини билган, оёққа туриб, пойтахтда қолиб ҳам кетган талай шогирдлари балки менга ўхшаб домлани фақат байрам кунлари йўқлаб қўяр, ё бир-икки йил унутиб, учинчи йили дараклаб қолар... Менимча, шу чоққача ўзи нима истаётганини домла олдида юриб аниқлаштирган йигит-қиз сони мингдан ошса керак (балки бунданам кўпдир). Ютуқ-қувончимизда ҳиссаси мўл инсоннинг борлиги бахт. Мингдан зиёд тақдирнинг тақдир бўлишида илм, ғайрат, вақт ва асабларингизни аямай сарфлаганингиз учунам раҳмат, домла!
Изоҳ (0)