Тошкент вилояти ҳокимлиги “оғир” ва “қизил” тоифага кирувчи 300 та маҳаллага кичик қуёш фотоэлектр станциялари қурилишини маълум қилди.

Вилоят ҳокимлиги матбуот хизматининг хабар беришича, Ўзбекистонда қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш ва чекка ҳудудларни барқарор электр таъминоти билан таъминлаш мақсадида янги лойиҳа амалга оширилмоқда. Тошкент вилоятидаги 300 та маҳаллага кичик қуёш фотоэлектр станциялари қурилиши ҳокимнинг қарорида баён этилган.
Лойиҳанинг дастлабки босқичида Оққўрғон туманидаги “Ёшлик”, “Зарбдор” ва “Эртамғали” маҳаллаларида кооперация асосида қуввати 180 кВт дан 500 кВт гача бўлган қуёш фотоэлектр станциялари қурилиши режалаштирилган. Ушбу станциялар маҳаллий аҳолининг электр таъминотини яхшилаш билан бирга, қайта тикланувчи энергия манбалари ҳисобига иқтисодий тежамкорликни ҳам таъминлайди.
Лойиҳа янада кенгайтирилиб, эндиликда, Бўка, Қуйи Чирчиқ, Оҳангарон ва Пискент туманларидаги олис ва инфратузилмаси суст ривожланган 16 та “қизил” тоифадаги маҳаллаларни ҳам қамраб олмоқда. Лойиҳа доирасида умумий ҳисобда 10 435 та хонадон энергия билан таъминланиши кутилмоқда. Шунингдек, 751 та камбағал оилани иш билан таъминлаш режалаштирилган.
Станцияларни қуриш ишлари Энергетика вазирлиги ҳузуридаги “Яшил энергия” масъулияти чекланган жамияти томонидан амалга оширилади. Умумий қуввати 4 650 кВт бўлган фотоэлектр станциялари мазкур маҳаллаларга беғараз ўрнатилади.
Президентнинг 2025 йил 1 апрелдаги қарорида аҳолиси ижтимоий оғир 300 та маҳаллада кичик қувватли фотоэлектр станциялар ўрнатилиши ҳам белгиланганди. Қуввати 100 МВт дан ортиқ кичик қувватли фотоэлектр станцияларини барпо этиш ҳисобига 45 миллион метр куб табиий газни тежаш мақсад қилинган.
Президент 2024 йил августида энергия тежамкорлигини таъминлаш, муқобил қувватлардан фойдаланишни кенгайтириш масалалари муҳокамаси бўйича йиғилиш ўтказганида “Муқобил энергия манбаларини ўрнатиш бу — давлат сиёсати”, деб таъклидлаганди.
Изоҳ (0)