Ўзбекистонда 5 июндан олий ва касбий таълим муассасаларига ўқишга кириш учун қабул бошланди.

Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги президент фармонига мувофиқ, олийгоҳлар бакалавриатига қабул жараёни икки босқичда — “аввал тест, сўнг танлов” тамойилига мувофиқ амалга оширилишини эслатди.
1-босқичда абитуриентлар ҳар йили 5 июндан 25 июнгача (25 июнь куни ҳам) тест синови топшириш учун my.uzbmb.uz сайтида онлайн рўйхатдан ўтади ҳамда қуйидагиларни танлайди:
Фақат тест синовида иштирок этса:
- фанлар мажмуаси;
- таълим тили;
- тест топшириш ҳудуди.
Алоҳида иқтидор талаб этиладиган таълим йўналишлари бўйича касбий/ижодий имтиҳонларда иштирок этса:
- таълим тили;
- тест топшириш ҳудуди;
- алоҳида иқтидор талаб этиладиган таълим йўналиши;
- касбий (ижодий) имтиҳон топшириладиган олийгоҳ.
Олийгоҳларга кириш имтиҳонлари июль август ойларида ўтказилади.
2-босқичда абитуриентлар кириш имтиҳонлари тўлиқ якунланганидан сўнг 15 кун давомида my.uzbmb.uz сайти орқали қуйидагиларни танлайди:
- олий таълим муассасаси;
- бакалавриат таълим йўналиши;
- таълим шакли;
- танлов устуворлиги.
Абитуриент тест синовида тўплаган балларини имтиҳон ўтказилган куннинг эртасига билиши мумкин. Унинг талабаликка тавсия этилган ёки этилмагани қабул жараёнининг 2-босқичи тўлиқ якунлангандан кейин бир ҳафта муддатда Билимни баҳолаш агентлиги сайтида эълон қилинади.
Техникумларда ўқиш истагини билдирган абитуриентлар олийгоҳларга қабулнинг якуний натижаси эълон қилинганидан сўнг 10 кунда қуйидагиларни танлайди:
- техникум;
- касб ва мутахассислик;
- таълим шакли.
Натижа бир ҳафта муддатда Билимни баҳолаш агентлиги сайтида эълон қилинади.
Маълум қилинишича, абитуриентлар ва уларнинг ота-оналарига қулайликлар яратиш мақсадида Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳамда барча олий таълим муассасаларида “Қабул-2025” штаби фаолияти йўлга қўйилди.
Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, Ўзбекистонда 10 йил ичида фаолият юритаётган олий таълим ташкилотлари сони 3,2 баробарга кўпайган. Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигининг хабарига кўра, айни вақтда Ўзбекистонда жами 201 та олийгоҳ фаолият юритмоқда.
“Таълим соҳасидаги лойиҳалар маркази” лойиҳа офиси негизида Президент администрацияси ҳузурида Таълим сифатини таъминлаш миллий агентлиги ташкил этилади. 2025/2026-ўқув йилидан бошлаб таълимнинг сиртқи шаклига қабул тугатилди.
Изоҳ (0)